Буюк Британия Исроилга рекорд миқдорда қурол сотди

11:48 | 4 дақиқада ўқилади.

Лондон 2025 йилда Исроилга қарийб 1 миллион фунтлик қурол ва ҳарбий жиҳозлар экспорт қилиб, сўнгги йиллардаги энг юқори кўрсаткични қайд этди.

Israel

Буюк Британия 2025 йилда Исроилга қурол-яроғ сотиш бўйича тарихий рекордни ўрнатди. Channel 4 телеканали маълумотларига кўра, йилнинг дастлабки тўққиз ойида Лондон Тел-Авивга тахминан 1 миллион фунт стерлинг (қарийб 1,2 миллион евро) қийматида ҳарбий маҳсулот етказиб берган.

Бу кўрсаткич аввалги йилларга нисбатан деярли икки баравар юқори бўлиб, Британиянинг Исроилга қурол экспорт соҳасидаги фаолияти охирги йиллардаги энг юқори даражага чиққанини кўрсатади. Июн ойида 400 минг, сентябрда эса 310 минг фунтлик қурол савдоси амалга оширилиб, бу икки ой рекорд сатҳдаги фаол савдо даври бўлган.

Сотилган маҳсулотлар орасида бомба, граната, торпеда, ракета ва ўқ-дорилар мавжуд экани айтилган. Август ойида 150 минг фунтлик экспорт амалга оширилиб, унинг 20 минг фунтини ўқ-дорилар ташкил этган. Бироқ бу қуроллар айнан кимга етказилгани ёки бошқа мамлакатларга қайта сотилгани ҳақида аниқ маълумот берилмаган.

Британия ҳукумати ўз баёнотида «Биз Ғазо ёки Ғарбий соҳилдаги ҳарбий амалиётларда қўлланилиши мумкин бўлган қурол-яроғларни Исроилга сотмаймиз. Экспорт қилинган маҳсулотлар фуқаролик мақсадларига хизмат қилади ёки қайта сотилиши мумкин», деб таъкидлаган. Шу билан бирга, ҳукумат қурол савдосидаги назорат тизими қаттиқ эканини ва экспорт қилинган маҳсулотлар Ғазодаги можарони кучайтирмаслигини қайд этган.

Исроил расмийлари эса молиявий ва солиқ қонунлари сабабли тафсилотларни очиқламаслигини билдириб, сотилган маҳсулотлар қурол ёки ўқ-дори эмаслигини айтиб ўтди.

Маълумот учун, Британия 2024 йилда Исроилга берилган 30 та қурол экспорт лицензиясини тўхтатган эди. Бироқ 2025 йил июлига келиб бу рақам 347 тага етган. Лондон бу маҳсулотлар мудофаа мақсадида етказиб берилаётганини таъкидламоқда. Шунингдек, Британия Исроил фойдаланаётган F-35 самолётларининг айрим қисмларини ҳам ишлаб чиқаради, аммо улар глобал дастур доирасидаги маҳсулот сифатида ҳисобланади ва тўғридан-тўғри Исроилга сотилмайди.