Россия Миллий тўлов карталари тизими (НСПК) бош директори Дмитрий Дубинин РБК нашрига берган интервюсида мамлакатда Visa ва Mastercard карталарининг фаолиятини чеклаш зарурлигини билдирди. Унинг сўзларига кўра, бу карталарнинг хавфсизлик сертификатлари 2025 йил 1 январдан амал қилмай қолган ва уларни ишлатиш хавфли бўлиб қолган.
«Пластик ишдан чиқмоқда. Бу масала хавфсизликка тааллуқли. Халқаро тўлов тизимлари карталаридаги барча чиплар учун сертификатлар тўхтатилган», — деди Дубинин.
НСПК ҳозирда Россия Банксига тақдим этиладиган ягона бозор позициясини шакллантираётганини маълум қилди. Кредит ташкилотлари карталарни айланмадан чиқариш муддатини белгилаб бериши керак бўлади.
Visa ва Mastercard Украинадаги уруш бошлангач Россия бозоридан чиққач, маҳаллий банклар карталарни мамлакат ичида ишлатиш имконини сақлаб қолган эди. Бу НСПК орқали амалга оширилган — тизим Россия Марказий банки томонидан 2014 йилда Қрим аннексиясидан сўнг санкциялар даврида яратилган. Бироқ халқаро тўловлар бўйича операциялар ўшандан бери тўхтатилган.
Марказий банк 2025 йил июлида илк бор амалдаги Visa ва Mastercard карталарининг муддатини чеклаш ниятини билдирган. Бу чора қарз карталаридан фойдаланиб содир этиладиган фирибгарликларни камайтиришга қаратилган. «Биз буни олдиндан эълон қиламиз, шунда банклар ўз карталарини аста-секин айланмадан чиқара олади», — деган эди Марказий банкнинг миллий тўлов тизими департаменти директори Алла Бакина.
РБК манбаларига кўра, сертификатлар амал қилиши тўхтагандан кейин бу карталарнинг ишлаши кредит ташкилотларининг ички қарорларига боғлиқ бўлади. Марказий банк ва НСПК эса тўловларни узилишсиз таъминлаш учун олдиндан техник чоралар кўрган. Ҳозирда фақат 1 фоиз атрофидаги терминаллар Visa ва Mastercard карталарини қабул қилолмайди.
Банклар эса мустақил равишда ўз банкоматлари ва терминалларини бу карталарни қабул қилиш ёки рад этиш учун мослаштириши мумкин.