Россиянинг Архангельск шаҳрида ўзбекистонлик 22 ёшли йигит қурилиш майдонида ишлаётган пайтда ҳалок бўлди. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Санкт-Петербург шаҳридаги Бош консулхонаси маълумот берди.
Воқеа 1 октябр куни содир бўлган. Маълумотларга кўра, Н.С. 2003 йилда Сурхондарё вилоятида туғилган. Ўзбекистон консулхонаси Россия Ташқи ишлар вазирлигининг Архангельск вилоятидаги ваколатхонаси билан боғланиб, ҳодисани расман назоратга олган.
Россия Давлат меҳнат инспекцияси ахборотига кўра, ишчи қурилаётган бинодан қурилиш асбобларини 5-қаватдан 6-қаватга кўтараётган пайтда мувозанатини йўқотган. У пастга — бетон плитага қулаган ва олинган тан жароҳатлари натижасида воқеа жойида вафот этган.
Ҳозирда Архангельск шаҳри Соломбал округи тергов бўлими томонидан Россия Жиноят кодексининг 216-моддаси 2-қисмига мувофиқ жиноят иши қўзғатилган. Бу модда қурилиш ишларида хавфсизлик қоидаларини бузиш ортидан одам ҳалок бўлган ҳолатлар учун жавобгарликни назарда тутади.
Тергов органлари ҳодиса сабабларини аниқлаш, қурилишдаги хавфсизлик чоралари ва иш берувчи масъулиятини текширмоқда. Ўзбекистоннинг Бош консулхонаси ўз фуқаросининг манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида тергов жараёнини кузатиб бораётганини маълум қилди.
Марҳумнинг жасади ватанга қайтарилиши бўйича ҳозирча расмий маълумот берилмаган.