БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгаши 6 октябр куни Афғонистонда инсон ҳуқуқларининг тизимли равишда бузилиши ҳақидаги айбловлар бўйича далиллар тўплаш ва вазиятни ўрганиш бўйича текширувни бошлашга қарор қилди. Бу ҳақда Al Arabiya телеканали хабар берди.
Европа Иттифоқи томонидан таклиф этилган ва «Афғонистон учун мустақил тергов механизми»ни тузишни назарда тутувчи қарор лойиҳаси Женевада жойлашган кенгашнинг 47 аъзо мамлакати томонидан овоз беришсиз қабул қилинди.
БМТ миссияси сентябр ойида «Толибон» ҳукуматини бутун мамлакат бўйлаб интернет алоқасини тиклашга чақирган эди. Ташкилотнинг таъкидлашича, интернет чекловлари сўз эркинлиги ва ахборот олиш ҳуқуқига жиддий зарар етказмоқда. Афғонистонда деярли икки кун давом этган узилишдан сўнг интернет алоқаси қайта фаоллаштирилган.
Олдинроқ Афғонистон ҳукумати университетлар таълим дастуридан аёллар ёзган китобларни чиқариб ташлаган ва инсон ҳуқуқлари, жинсий зўравонлик каби мавзуларни қамраб олган 18 та фанни таълим тизимидан олиб ташлагани маълум қилинган эди. Тақиқланган 680 китобнинг 140 таси аёл муаллифлар томонидан ёзилган.
Шунингдек, «Толибон» раҳбарияти олий таълим муассасаларида ўқитувчилар ва тўртинчи тоифадан паст ходимларга иш вақтида смартфондан фойдаланишни тақиқлагани ҳақида ҳам хабар берилган.