Тошкент вилоятида прокуратура ходимлари пора билан ушланди

15:50 | 2 дақиқада ўқилади.

Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг икки ходими пора олаётганда қўлга тушди. Улар жиноят ишини «ҳал қилиб бериш»ни ваъда қилган.

Pora dxx

Давлат хавфсизлик хизмати коррупцияга қарши курашиш доирасида ўтказган тезкор тадбир натижасида Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Гулистон туман бўлими бошлиғи ва Бекобод шаҳар бўлими катта тезкор вакили фуқародан 25 минг доллар олган пайтда ашёвий далиллар билан қўлга олинди. Бу ҳақда ДХХ матбуот хизмати хабар берди.

Текширувлар давомида улар Зангиота туманида фаолият юритувчи 4 та МЧЖ раҳбарларига нисбатан қўзғатилган жиноят ишини улар фойдасига ҳал қилишни, шунингдек Сирдарё вилояти Солиқ бошқармаси томонидан ўтказилган камерал текширув натижаларини бекор қилишни ваъда қилгани аниқланди.

Бундан ташқари, улар мазкур жиноят иши доирасида солиқ текширувида аниқланган зарар миқдорини камайтириш эвазига МЧЖлар норасмий раҳбаридан аввалроқ 108 минг доллар пора олгани маълум бўлди.

Ҳозирда икки шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми «а» банди ва 28, 211-моддаси 3-қисми «а» банди бўйича жиноят иши қўзғатилди. Улар қамоққа олинган бўлиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.