Бухоро ва Навоийда ноқонуний олтин қазиб олаётганлар қўлга олинди

19:15 | 2 дақиқада ўқилади.

Тоғ ҳудудларида ноқонуний олтин қазиб олиш билан шуғулланган гуруҳлар фаолиятига чек қўйилди.

Oltin

«Контехназорат» инспекцияси Бухоро ва Навоий вилоятларидаги «Олтин Кон» МЧЖга тегишли ҳудудларда ўтказган текширувлар чоғида бегона шахслар томонидан қонунга хилоф равишда олтин қазиб олиш ҳолатлари аниқланди.

Текширув натижалари Давлат хавфсизлик хизматига юборилди ва ДХХ ҳамда ички ишлар органлари томонидан тезкор чоралар кўрилди. «Қулжуқтов» тоғ массивида ўтказилган махсус тадбирда 37 нафар шахс ноқонуний фаолият билан шуғулланаётган вақтида қўлга олинди.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар 3 та «Форд» автомашинаси, 8 та перфоратор, 6 та компрессор ҳамда таркибида олтин моддаси бўлган 400 қопга яқин руда ва қўлбола асбоб-ускуналарни ашёвий далил сифатида мусодара қилди.

Маълумотларга кўра, мазкур ноқонуний фаолият орқали давлат ва жамият манфаатларига 20 миллиард сўмдан зиёд зарар етказилган. Ҳозирда қўлга олинган шахсларга нисбатан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.