Россия Пенсия жамғармаси (ПФР) катта молиявий кризис остонасида турибди — манбалар маълумотига кўра, жамғарманинг ўз маблағлари режалаштирилган тўловларнинг фақат 70 фоизинигина қоплай олади. 2026 йилда давлат бюджети трансферти 3,64 трлн рублга қисқартирилиши натижасида дефицит 780 млрд рублга етиши кутилмоқда.
Ҳукумат манбалари таъкидлашича, бу ҳолат ҳокимиятни кескин чораларга боришга мажбур қилмоқда. Хусусан, 2020 йилдан амал қилаётган кичик ва ўрта бизнес учун имтиёзли суғурта тўловларини бекор қилиш масаласи кўриб чиқилмоқда. Бу чора хизмат кўрсатиш ва савдо соҳаларида фаолият юритаётган минглаб тадбиркорларга жиддий зарба бўлиши мумкин.
Шунингдек, ишсизлар учун ҳам янги мажбурий тўлов жорий этилиши муҳокама қилинмоқда — уларга ҳар йили белгиланган миқдордаги суғурта бадалини тўлаш мажбурияти юклатилиши мумкин. Бу орқали фуқаролар тиббий ва пенсия хизматларидан фойдаланиш ҳуқуқини сақлаб қолади, аммо амалда бу янги «ишсизлик солиғи»га айланиши мумкин.
Иқтисодчилар бу чоралар мамлакатда соя иқтисодиёти ўсиши ва кичик бизнеснинг «кўринмас зона»га ўтишига олиб келиши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда. Шу билан бирга, аҳоли учун юклама ортиб, пенсия индексацияси суръати секинлашиши эҳтимолдан холи эмас.
Мутахассислар таъкидлашича, Россия федерал бюджети ижтимоий харажатлар бўйича имконият чегарасига яқинлашган. Жорий тизимни ислоҳотсиз сақлаб қолиш мумкин эмас — дефицит чуқурлашса, ҳукумат мажбурий солиқлар ва тўловлар орқали маблағ йиғишни кучайтиради.
Аввалроқ «Голос регионов» нашри ишсизликни «пуллик» қилиш — яъни, ҳар йили мажбурий тиббий суғурта полиси учун бадал тўлаш ғояси муҳокама қилинаётганини ёзган эди. Энди эса бу ташаббус амалий босқичга ўтиши мумкинлиги айтилмоқда.