“Сўнгги йилларда республикамизда жисмоний шахсларнинг микроқарз, кредит карта ва овердрафт каби кредит маҳсулотларидан кенг кўламда фойдаланаётганлиги, аҳолининг ортиқча қарз юки бўйича бир қанча хавотирларни келтириб чиқармоқда,” дейилади Марказий банк таҳлилида.
Хусусан, тижорат банклари томонидан жисмоний шахсларга ажратилган биргина микроқарзлар қолдиғи 2023-2025 (август) йиллар оралиғида 3,5 бараварга ўсган шароитда, Ўзбекистонда ўртача ойлик иш ҳақи 1,5 бараварга ошган. Бу ҳолат аҳолининг молиявий хизматлардан фаол фойдаланаётганини кўрсатиши билан бирга, ортиқча қарз юки хавфи ҳам ошиб бораётганлигини кўрсатмоқда.
Регуляторга кўра, агар бундай тез суръатдаги ўсиш аҳолининг даромадлар динамикаси билан мутаносиб тарзда чекланмаса, келгусида аҳолининг кредит мажбуриятларини бажара олмаслик ҳолатлари юзага келиши мумкин. Бу эса 2025 йил январь-июнь ҳолатига олинган 8 банклар кредит портфели сифатининг ёмонлашишига ва молиявий тизим барқарорлигига хавф туғдиради.
Ўзбекистонда 2019 йилдан жорий этилган DSTI талаби қарз олувчининг ойлик тўлов қобилиятини ҳисобга олса-да, кўп ҳолларда кредитларнинг узоқ муддатга ажратилиши қарз олувчининг қарз миқдорини унинг даромадга нисбатан кескин ошиб кетишига сабаб бўлмоқда. Бу эса иқтисодий шароитлар қатъийлашган шароитда (масалан, ишсизлик ёки даромадларнинг пасайиши) жиддий молиявий хатарларни келтириб чиқариши мумкинлигини ва бундай ҳолатда фақатгина DSTI талабининг ўзи етарли бўлмаслигини кўрсатади.
Марказий банк таҳлилида келтирилишича, бугунги кунда халқаро тажрибада Loan-to Income (LTI) ва Debt-to-Income (DTI) талаблари кенг қўлланилмоқда ва аҳолининг кредит хатарларини тартибга солишда анчайин самарали эканлиги таъкидланмоқда.
Маълумот учун, Loan-to income (LTI) – кредитнинг даромадга нисбати, Debt-to-income (DTI) – қарзнинг даромадга нисбатини билдиради.
Марказий банк томонидан биринчи навбатда LTI ҳолати ўрганилган. Тадқиқот натижаларига кўра ушбу амалиёт кредит олувчиларнинг кредит олишини чекламайди, фақат ўз даромадига нисбатан ортиқча хатарли кредитлашнининг олдини олади.
DTI талаби эса қарз олувчиларнинг шу турдаги барча кредитлар бўйича қарз суммасини унинг ойлик ёки йиллик даромадига нисбатан тартибга солади.
“Ушбу воситаларнинг биргаликда қўлланилиши қарз олувчиларнинг молиявий имкониятларига мутаносиб равишда кредит олишини таъминлаб, аҳолининг ортиқча қарздорлик хавфини чеклайди ҳамда банк тизимининг барқарорлигини мустаҳкамлайди. Бу орқали кредит портфели сифати яхшиланиб, молиявий ресурслар самарали йўналтирилади ва қарз олувчилар ўз молиявий мажбуриятларини даромадлари доирасида режалаштиришга ўтади, бу эса узоқ муддатда кредит бозорининг соғлом ривожланишини таъминлайди”, дея хулоса қилинади тадқиқотда.