Ўзбекистонда атом электр станцияси (АЭС) қурилиши бўйича жамоат эшитувлари 2025 йил ноябр–декабр ойларига белгиланди. Бу ҳақда АЭС қуриш дирекцияси раҳбари Абдужамил Калмуратов Жиззах вилояти Фариш туманидаги қурилиш майдонида ўтказилган матбуот-тур вақтида маълум қилди.
Калмуратовнинг сўзларига кўра, АЭС учун ажратилган майдон 2018 йилдан буён экологик нуқтаи назардан чуқур ўрганилмоқда. Лойиҳа доирасида флора ва фауна ҳолати, ер ости сувлари, атмосфера ҳавоси, метеорологик ва сейсмик маълумотлар таҳлил қилинган. «Ўзатом» экологик таъсирни баҳолаш (ОВОС) учун илмий ва лойиҳа институтларини жалб этган.
Жамоат эшитувлари Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган регламент асосида ўтказилади. Уларда Жиззах вилояти ҳокимлиги вакиллари, журналистлар ҳамда халқаро экспертлар иштирок этади. Эшитувлар савол-жавоб форматида ўтказилиб, якунда овоз бериш орқали натижа чиқарилади.
Абдужамил Калмуратов сўзларига кўра, жамоат эшитувлари натижасида «Росатом» билан тузилган шартномани бекор қилиш эмас, балки айрим бандларини такомиллаштириш имконияти муҳокама қилинади. «Бу ерда гап шартномани бузиш ҳақида эмас. Агар зарур бўлса, айрим ўзгартиришлар киритилиши мумкин», — деди у.
Унинг таъкидлашича, АЭС қурилиши лойиҳаси тижорат эмас, балки ижтимоий-иқтисодий аҳамиятга эга. «Бу — бутун иқтисодиётни ўз ортидан етакловчи флагман лойиҳа», — дея қўшимча қилди Калмуратов.
Эслатиб ўтамиз, сентябрь ойида «Ўзатом» директори Азим Аҳмедхожаев ҳам жамоат эшитувлари дастури яқин кунларда бошланишини маълум қилган ва «жамоат фикрисиз бир қадам ҳам ташланмайди», деган эди.