Reuters агентлиги маълум қилишича, авиарейсларни бошқаришдаги ходимлар етишмаслиги туфайли 7 октябр куни бутун мамлакат бўйлаб 3 мингдан ортиқ рейс белгиланган вақтда амалга оширилмади. Энг кўп кечикишлар Хюстон, Нашвилл, Даллас, Чикаго ва Нюарк шаҳарларида кузатилган.
Федерал авиация бошқармаси (FAA) маълумотларига кўра, 13 мингга яқин авиатрафик диспетчери ва 50 мингга яқин транспорт хавфсизлиги ходимлари ҳукумат фаолияти тўхтаганига қарамасдан ишини давом эттирмоқда, бироқ уларга маош тўланмаяпти. Бу ҳолат кўплаб ходимларни ишга чиқмасликка мажбур қилган.
АҚШ транспорт вазири Шон Даффининг таъкидлашича, айрим ҳудудларда авиатрафик ходимлари сони шатдаун бошланганидан бери 50 фоизга камайган. «Биз хавфсизликни таъминлаш учун ҳаводаги самолётлар сонини қисқартиришга мажбурмиз», — деди вазир Fox News телеканалига берган интервюсида.
Ҳукумат шатдауни 1 октябр куни Конгрессдаги Республикачи ва Демократлар партиялари янги молиявий йил учун бюджет юзасидан келиша олмаганидан кейин бошланган. Бу кейинги етти йилдаги биринчи шатдаундир. Мухолиф томонлар айбни бир-бирига юкламоқда.
Reuters таъкидлашича, АҚШда диспетчерлар етишмаслиги билан боғлиқ муаммо сўнгги ўн йил ичида тўпланиб келаётган бўлиб, кўплаб мутахассислар шатдаундан олдин ҳам ортиқча иш соатлари билан фаолият юритган.