Мисни қайта ишловчи тадбиркорларнинг кредит фоизлари қоплаб берилади

21:45 | 4 дақиқада ўқилади.

Президент Мирзиёев электротехника саноатини ривожлантириш ва экспортни кенгайтириш бўйича таклифлар тақдимоти билан танишди. Янги лойиҳалар орқали юз минглаб иш ўринлари яратилиши кутилмоқда.

Mis

8 октябр куни Президент Шавкат Мирзиёев мамлакатда электротехника саноатини янада ривожлантириш, маҳсулот турини кенгайтириш ва экспорт салоҳиятини ошириш бўйича тақдимот билан танишди.

Сўнгги йилларда бу соҳада тизимли ислоҳотлар амалга оширилиб, замонавий ишлаб чиқариш қувватлари барпо этилди. 2025 йилнинг дастлабки 9 ойида тармоқда ишлаб чиқариш ҳажми 16,3 фоизга ўсиб, 34 триллион сўмга етди. Экспорт ҳажми эса 970 миллион долларни ташкил қилди.

Шу билан бирга, соҳада ишга солинмаган катта имкониятлар мавжуд. Хусусан, мисни чуқур қайта ишлаш, юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва экспортни диверсификация қилиш муҳим вазифалар сифатида қайд этилди. Ҳозирда мис маҳсулотлари экспортининг фақат 60 фоизи тайёр товарлар ҳиссасига тўғри келади.

Таклифларга кўра, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни рағбатлантириш учун мис харидига чегирма берилади, кредит фоизларининг 5 фоиздан юқори қисми давлат ҳисобидан қопланади, солиқ ва божхона имтиёзлари жорий этилади. Шунингдек, электроника ва ярим ўтказгичлар ишлаб чиқариш соҳасига кириб бориш зарурлиги таъкидланди.

Янги лойиҳалар туфайли келгуси йилларда мис ишлаб чиқариш ҳажми 250 минг тоннага, 2030 йилга бориб эса 500 минг тоннага етиши режалаштирилган. Ушбу салоҳиятдан фойдаланиб, серверлар, саноат электроникаси, кондиционерлар, қуёш панеллари, автоматика воситалари ва смарт-карталар ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Умуман, 2,1 миллиард долларлик 157 та лойиҳа орқали 14,5 минг янги иш ўрни яратилиши кутилмоқда.

Бугунги кунда Ўзбекистон маҳсулотлари халқаро бозорларга чиқиш имкониятини кенгайтирмоқда. Мамлакат Халқаро электротехника комиссиясининг баҳолаш схемасига аъзо бўлди ва эндиликда миллий сертификатлар 53 давлатда тан олинади. Шунингдек, Европа талабларига мос «CE» белгиси тизими йўлга қўйилаётгани Европа бозорига экспортни камида икки баробар ошириш имконини яратади.

Президент Мирзиёев тақдим этилган чора-тадбирларни тез ва самарали амалга ошириш, экспорт ўсишини сақлаб қолиш ҳамда янги бозорларга чиқиш бўйича аниқ кўрсатмалар берди.