2,5 йилга «кесилган» Мубашшир Аҳмад, сунъий интелект сабаб ишдан кетганлар ҳамда олтин «васвасасидагилар» – 8 октябр янгиликлари

22:00 | 10 дақиқада ўқилади.

Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар ва ҳодисалар, ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

Dayjest 08

Олий суд матбуот хизмати хабарига кўра, ЖИБ Учтепа туман суди Алишер Турсуновга Жиноят кодексининг 57-моддасини (енгилроқ жазо тайинлаш) қўллаган ҳолда 59 (бир неча жиноят содир этганлик учун жазо тайинлаш) ва 61 (жазоларни қўшишнинг ҳисоблаш қоидалари) моддалари тартибида 2 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Ўзбекистонда рақамлаштириш туфайли вазирлик ва идораларда 2 мингдан ортиқ ходим қисқартирилади

Президент рақамли бошқарувни жорий этиш орқали давлат тузилмаларида оптималлаштиришни бошлади, ишсиз қолувчиларга ёрдам кўрсатиш топширилди. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев «Республика ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятида кенг кўламли рақамлаштиришни жорий этиш ҳисобига бошқарув штат бирликлари сонини оптималлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонни имзолади.

Қисқартириш энг кўп Сув хўжалиги вазирлигида — 224 нафар, Қишлоқ хўжалиги вазирлигида — 218 нафар, Адлия вазирлигида — 197 нафар, Экология ва иқлим ўзгариши вазирлигида — 176 нафар, Бандлик ва камбағалликни қисқартириш вазирлигида эса — 163 нафарни ташкил этади.

Шунингдек, Давлат солиқ қўмитасидан 486 нафар, Давлат активларини бошқариш агентлигидан 65 нафар ходим қисқартирилади. Қўмиталар ва агентликларда раҳбар ўринбосарлари сони ҳам сезиларли даражада камаяди — айрим тузилмаларда икки баробаргача. Натижада давлат бюджети ҳисобига ишлайдиган ходимлар сони 43 минг 300 нафардан ортиққа, бюджетдан ташқари жамғармаларда эса қарийб 3,7 минг нафарга қисқаради.

 

Ўзбекистонда банкларнинг кредит карталари бўйича фоиз сиёсатига текширув ўтказилади

Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси тижорат банкларининг кредит карталари орқали амалга оширилаётган операцияларида фуқаролар манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича Марказий банкка сўров йўллади.

Маълумотларга кўра, сўнгги вақтларда мамлакатда аҳоли турмуш даражасини ошириш мақсадида турли шаклдаги кредит турлари жорий этилаётган бўлса-да, айрим банклар кредит карталаридан коммунал тўловлар, таълим, тиббиёт, суғурта ва солиқ тўловлари учун фойдаланганда уларни нақд пул ечишга тенглаштириб, фоиз ва комиссия ундирмоқда.

Бу ҳолат аҳоли норозилигига сабаб бўлди ва фуқаролар томонидан асоссиз комиссиялар юзасидан кўплаб шикоятлар келиб тушмоқда. Шу муносабат билан Қўмита «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонуннинг тегишли моддаларига таянадиган ҳолда, Марказий банкдан давлат ва нодавлат тижорат банкларининг фаолиятини ўрганишни сўради.

 

Ўзбекистон олтин валюта захиралари қарийб 55 млрд долларга етди

Ўзбекистон расмий захира активларининг умумий қиймати сентябрда ўтган ойга нисбатан 4,9 млрд долларга ёки 9,8 фоизга ортди ва кетма-кет иккинчи ой рекордни янгилади. Августда активлар ҳажми биринчи марта 50 млрд доллардан ошганди. Йил бошига нисбатан Ўзбекистон олтин захираси 12,204 млрд долларга, жами захиралари 13,812,6 млрд долларга кўпайди.

Гарчи сентябрда захира активлардаги олтиннинг физик ҳажми 200 минг трой унцияга камайган бўлса-да, унинг қиймати 44,24 млрд долларга етди.

Сентябр ойи давомида олтин нархининг 3407,50 доллардан 3806,55 долларгача ошишининг таъсири +4,6 млрд долларни ташкил этди, дея изоҳ берди Марказий банк.

Хорижий валютадаги бошқа активлар ҳажми 22,1 млн долларга камайди. Бунда расмий захира активларга киритилмаган депозитлар 33 млн долларга камайган бўлса, расмий захира активларга киритилмаган олтин ҳажми 10,6 млн долларга ошди.

 

2026 йилдан муддати ўтган товарларни сотиш тақиқланади

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 6 октябр куни истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишни кучайтиришга қаратилган қарорни имзолади. Бу ҳақда Адлия вазирлиги ҳузуридаги ҳуқуқий ахборот канали хабар берди. Ҳужжатга кўра, 2026 йил 1 мартдан бошлаб мамлакатда сотилаётган товарларнинг яроқлилик муддати рақамли маркеровка орқали қатъий назоратга олинади. Агар маҳсулотнинг муддати тугаган бўлса, унинг сотилиши «Асл Белгиси» ахборот тизими томонидан автоматик равишда чекланади.

Шунингдек, cавдо нуқталарда товар штрих-коди сканер қилинганда, агар маҳсулотнинг муддати ўтган бўлса, касса аппарати чек чиқармайди ва сотув амалга ошмайди. Бу орқали бозорда сифатсиз ёки хавфли маҳсулотларнинг тарқалиши олди олиниши кутилмоқда.

2025 йил 15 октябрдан 2027 йил 1 январигача нодавлат нотижорат ташкилотларни истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жараёнларига жалб этиш бўйича тажриба синови ўтказилади. Уларга назорат харидлари амалга ошириш ва дўконларга «махфий харидор» юбориш ҳуқуқи берилади.

 

Бухоро ва Навоийда ноқонуний олтин қазиб олаётганлар қўлга олинди

«Контехназорат» инспекцияси Бухоро ва Навоий вилоятларидаги «Олтин Кон» МЧЖга тегишли ҳудудларда ўтказган текширувлар чоғида бегона шахслар томонидан қонунга хилоф равишда олтин қазиб олиш ҳолатлари аниқланди. Текширув натижалари Давлат хавфсизлик хизматига юборилди ва ДХХ ҳамда ички ишлар органлари томонидан тезкор чоралар кўрилди. «Қулжуқтов» тоғ массивида ўтказилган махсус тадбирда 37 нафар шахс ноқонуний фаолият билан шуғулланаётган вақтида қўлга олинди.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар 3 та «Форд» автомашинаси, 8 та перфоратор, 6 та компрессор ҳамда таркибида олтин моддаси бўлган 400 қопга яқин руда ва қўлбола асбоб-ускуналарни ашёвий далил сифатида мусодара қилди.