Ўзбекистон 2025 йилда Европа ва Марказий Осиёдаги энг тез ўсувчи беш иқтисодиёт қаторига киради

08:02 | 4 дақиқада ўқилади.

Жаҳон банкининг янги ҳисоботига кўра, Ўзбекистон 2025 йилда ЯИМ ўсиши бўйича Европа ва Марказий Осиё минтақасидаги бешта етакчи давлатдан бири бўлади — мамлакат иқтисодиёти 6,2 фоизга ўсиши кутилмоқда.

Uzbekistan gdp

Жаҳон банкининг «Европа ва Марказий Осиё иқтисодиёти: бандлик ва фаровонлик» номли ҳисоботига кўра, минтақа мамлакатларида иқтисодий ўсиш суръатлари секинлашган бўлса-да, ривожланаётган иқтисодиётлар ҳануз барқарорликни сақлаб турибди.

Ҳисоботда таъкидланишича, Европа ва Марказий Осиё минтақасида ялпи ички маҳсулот (ЯИМ) ўсиши 2025 йилда 2,4 фоизни ташкил этади. Бу 2024 йилдаги 3,7 фоизлик кўрсаткичдан паст. Асосий сабаб — Россия иқтисодиётидаги пасайиш. Россияни ҳисобга олмаган ҳолда ўсиш суръатлари 3,3 фоиз атрофида сақланиши кутилмоқда. 2026–2027 йилларда ўсиш мўътадил суръатда — 2,6 фоиз атрофида бўлади.

Марказий Осиё мамлакатлари орасида ўсиш суръати энг юқори бўлиб қолмоқда. 2025 йилда минтақада ЯИМнинг ўртача ўсиши 5,9 фоизни ташкил этиши кутилмоқда. Бу ўсишга Қозоғистонда нефт қазиб чиқариш ҳажмининг кўпайиши, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистонга пул ўтказмалари ҳажмининг ўсиши ҳамда давлат ва хусусий инвестицияларнинг ортиши ёрдам бермоқда.

Ўзбекистонда ЯИМ ўсиши 2025 йилда 6,2 фоиз, 2026 йилда эса 6 фоиз бўлиши прогноз қилинган. Шу тариқа, мамлакат Қирғизистон (9,2 фоиз), Тожикистон (7,6 фоиз), Гуржистон (7 фоиз) ва Қозоғистон (5,5 фоиз) билан бир қаторда минтақадаги бешта энг тез ўсувчи иқтисодиётдан бири бўлиб қолади.

Ҳисоботда таъкидланишича, Ўзбекистонда иқтисодий ўсишни таъминловчи устувор йўналишлар — кимё саноати, ахборот-коммуникация технологиялари (АКТ) ва мева-сабзавотчилик соҳаси ҳисобланади. Кимё тармоғида рақобатбардошлик ва энергия тежамкорликни ошириш учун ишлаб чиқаришни модернизация қилиш ҳамда бозор эркинлигини кучайтириш зарур. АКТ соҳасида эса кенгполосали интернет қамровини ошириш, мева-сабзавотчиликда эса халқаро стандартларни жорий этиш, инвестиция ва илмий тадқиқотларни кўпайтириш тавсия этилган.

Жаҳон банкида таъкидланишича, минтақада барқарор ўсиш учун инсон капиталига, таълим ва инфратузилмага сармояни ошириш, хусусан, аёллар ва ёшлар бандлигини қўллаб-қувватлаш муҳим аҳамиятга эга.