Ўзбекистонда қуриладиган биринчи атом электр станцияси учун Фориш тумани танланиши кўплаб мутахассислар томонидан илмий ва амалий жиҳатдан асосланган қарор сифатида баҳоланмоқда. Бу танловда ҳудуднинг географик жойлашуви, сейсмик хавфсизлик даражаси ва сув таъминоти имкониятлари ҳал қилувчи рол ўйнаган.
Биринчидан, Фориш тумани мамлакатнинг марказий қисмида жойлашган бўлиб, логистика ва инфратузилма жиҳатидан қулай ҳисобланади. Бу ҳолат лойиҳа учун зарур ускуналарни етказиб бериш, мутахассислар ҳаракатини таъминлаш ҳамда электр тармоқларига уланишни енгиллаштиради.
Иккинчидан, ҳудуд сейсмик жиҳатдан хавфсиз ҳисобланади. 2018 йилдан бери бу ерда 150 дан зиёд сейсмометр ўрнатилган ва ҳудуд доимий назоратда. Лойиҳа 9 баллгача бўлган зилзила юкламасига чидамли қилиб ишлаб чиқилмоқда, бу эса атом станцияси хавфсизлигини кафолатлайди.
Учинчидан, сув таъминоти масаласи ҳам илмий ёндашув асосида ҳал этилган. Яқиндаги Тузкон кўли сувининг юқори минераллашганлиги туфайли у совутиш манбаи сифатида мос келмайди. Шу сабабли, станцияда «қуруқ совутиш» (dry cooling) тизими жорий этилиши режалаштирилган. Бу технология сув ресурсларига бўлган эҳтиёжни кескин камайтиради ва иқлим шароити чекланган ҳудудлар учун самарали ҳисобланади.
Шу сабабли Форишнинг танланиши табиий, техник ва стратегик жиҳатлардан пухта таҳлил қилинган қарор бўлиб, у мамлакат энергетика салоҳиятини оширишда муҳим қадам сифатида кўрилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Жиззах вилоятида барпо этилаётган илк атом электр стансияси қурилишига Enter Engineering компанияси субпудратчи сифатида жалб қилинди. Ҳозирда қурилишга тайёргарлик ишлари амалга оширилмоқда, асосий қурилиш ҳали бошланмаган.