Тошкент вилоятида сиам эгизаклари ноёб операция орқали ажратиб олинди

11:45 | 3 дақиқада ўқилади.

Муддатидан аввал туғилган сиам эгизаклари туғуруқдан тўққиз соат ўтиб, шошилинч равишда ва маҳаллий шароитда ўта мураккаб амалиёт орқали ажратиб олинган.

Siam1

Чирчиқ шаҳрида жойлашган Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт марказининг Тошкент вилояти филиалида ноёб тиббий операция амалга оширилди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар берди.

Ҳомиладорликнинг 33–34 ҳафталарида кесарча йўл билан дунёга келган сиам эгизаклари туғилгандан атиги 9 соат ўтиб, беш соатлик мураккаб операция орқали шошилинч равишда ажратиб олинди.

Беш соат давом этган операцияни Республика перинатал маркази қошидаги Неонатал хирургия маркази раҳбари, тиббиёт фанлари доктори, профессор Бахтиёр Эргашев бошчилигидаги жамоа амалга оширди. Бу жараён юқори технологик ускуналар ёрдамида, маҳаллий шароитда бажарилган бўлиб, ўта мураккаб тиббий амалиёт сифатида баҳоланмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазири Асилбек Худоёров эгизаклар ҳолатидан шахсан хабар олган. Унинг таъкидлашича, бундай даражадаги операциялар кўплаб ривожланган давлатларда ҳам фақат катта тайёргарлик ва узоқ таҳлиллардан сўнг амалга оширилади. «Муддатидан аввал туғилган сиам эгизакларни вилоят даражасида муваффақиятли ажратиш — мамлакат тиббиёти янги босқичга кўтарилганининг ёрқин исботи», — деди вазир.

Амалиётда иштирок этган мутахассислар Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан «Ўзбекистон соғлиқни сақлаш аълочиси» кўкрак нишони билан тақдирланди. Шунингдек, саломатлиги тикланган чақалоқлар ва уларнинг онаси шифокорлар назоратида бўлиб, кеча шифохонадан уйига жавоб берилди.