Бу чора 2006 йилда жорий этилган пенсия ёшини умр давомийлигига боғлаш тизими доирасида амалга оширилмоқда. Ҳозирги кунда пенсия ёши 67 ни ташкил этади, 2030 йилда 68, 2035 йилда эса 69 га етказилади.
Қонун лойиҳаси 81 нафар депутат томонидан қўллаб-қувватланди, 21 нафар эса қарши овоз берди. Ўтган йили мамлакат бош вазири Метте Фредериксен автоматик ошириш тизими қайта кўриб чиқилиши кераклигини таъкидлаган эди.
Бироқ бундай ўзгариш жамоатчиликда турлича қабул қилинди. 47 ёшли Томмас Йенсен ўз фикрини шундай ифодалади: «Биз тинмасдан ишлаяпмиз, аммо буни доимо давом эттириб бўлмайди. Солиқ тўлаб келяпмиз — болалар ва набиралар билан вақт ўтказиш ҳаққимиз ҳам бўлиши керак».
Сўнгги ҳафталарда Копенҳагенда пенсия ёшининг ошишига қарши касаба уюшмалари қўлловида норозилик намойишлари бўлиб ўтди. Дания касаба уюшмалари конфедерацияси раҳбари Йеспер Эттруп Расмуссен ушбу таклифни «тамоман адолатсиз» деб атади.
«Дания иқтисодиёти барқарор, бироқ Европа Иттифоқидаги энг юқори пенсия ёши бизда», — деди у. «Бу ўзгаришлар муносиб қарилик ҳаёти ҳуқуқини йўқотишга олиб келади».
Айни пайтда, Европанинг кўплаб давлатлари ҳам умр давомийлигининг ошиши ва бюджет танқислигини камайтириш мақсадида пенсия ёшини кўтармоқда. Масалан, Швецияда пенсия тўлаш энг эрта 63 ёшдан бошланади. Италияда бу 67 ёш, Францияда эса 2023 йилда пенсия ёши 62 дан 64 га кўтарилди — бу эса оммавий норозиликларга сабаб бўлган.