Давлат хавфсизлик хизмати ва Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент томонидан ўтказилган тезкор тадбирлар натижасида икки нафар адвокат пора билан қўлга олинди. Ҳар икки ҳолатда ҳам адвокатлар суд органларидаги танишлари орқали ишни «ижобий ҳал этиш»ни ваъда қилган, деб хабар бермоқда ДХХ.
Биринчи ҳолат Тошкент шаҳрида фаолият юритувчи адвокатлик фирмаси адвокати билан боғлиқ. У Пискент туманида яшовчи фуқарога нисбатан Яшнобод тумани ИИО ФМБ Тергов бўлими томонидан қўзғатилган жиноят иши бўйича унга енгиллик қилиш эвазига 3700 АҚШ доллари олган пайтда ашёвий далиллар билан ушланган.
Тергов маълумотларига кўра, адвокат айбланувчига танланган эҳтиёт чорасини енгилроқ турга ўзгартириб беришни ваъда қилган. Ҳозирда унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми «а» банди ҳамда 28,211-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.
Иккинчи ҳолат Сурхондарё вилоятининг Денов туманида аниқланган. Бу ерда фаолият юритувчи адвокатлик фирмаси вакили фуқародан 60 миллион сўм олган вақтда ДХХ ва вилоят прокуратураси ходимлари томонидан ушланган.
Маълум бўлишича, адвокат суд тизимидаги танишлари орқали Денов туман судида кўрилаётган жиноят иши бўйича айбланувчига енгил жазо тайинланишини таъминлашни ваъда қилган. Унга нисбатан ҳам Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми «в» банди ва 28,211-моддаси 1-қисми асосида иш қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган.
Ҳар икки ҳолат бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Мутасадди идоралар адвокатлик фаолиятидаги қонунбузарликларга нисбатан қатъий чора кўришини маълум қилган.