Навоий вилояти Қизилтепа туманида содир бўлган жиноий воқеа жамоатчиликда катта резонанс уйғотди. Эркак тўрт нафар фарзанди учун алимент тўлашдан бош тортиб, турмуш ўртоғини Damas автомашинасида қасддан уриб кетган. Бу ҳақда фуқаролик ишлари бўйича вилоят суди қарорига таяниб зўравонликка қарши курашувчи Nemolchi.uz лойиҳаси хабар берди.
Маълумотларга кўра, жабрланувчи Замира йиллар давомида турмуш ўртоғи Шаҳриёр томонидан зўравонликка учраб келган. Суд 12 август куни ажрашиш ишини кўриб чиқиб, Шаҳриёрни фарзандлари учун алимент тўлашга мажбур этган.
Бир кун ўтиб, 13 август куни Шаҳриёр телефон орқали Замирадан алиментдан воз кечишни талаб қилган ва рад жавоб олгач, «мендан яхшилик кутма» деб таҳдид қилган.
Эртаси куни эркак Damas автомашинасида йўл четида кетаётган Замирани уриб юборган. Натижада у оғир жароҳатлар билан шифохонага ётқизилган — умуртқаси синган, белидан паст қисми фалаж бўлиб қолган. Ҳозирда аёл оғир аҳволда даволанмоқда, яқинлари эса жарроҳлик амалиёти учун маблағ йўқлигидан қарзга кирган.
Маълумотларга кўра, айбдор шахс жабрланувчига ёрдам беришдан бош тортган. Тергов органлари унга нисбатан Жиноят кодексининг 266-моддаси бўйича иш қўзғатган — бу модда транспорт воситаси ҳаракати хавфсизлигини бузиш билан боғлиқ бўлиб, уч йилгача қамоқ жазосини назарда тутади.
Бироқ тергов ҳозирча воқеани қасддан уриб кетиш сифатида баҳоламаган. Айбдор эркак ҳибсга олинмаган ва ҳозир ҳам жабрланувчига таҳдид қилувчи хабарлар ёзишда давом этаётганлиги айтилади.
«Бу ҳолат Ўзбекистонда аёлларни ҳимоя қилиш тизими ҳақида кўплаб саволлар туғдиради. Нега аёллар оиладаги зўравонликдан қочишга уриниб, ҳаётларини хавф остига қўйишга мажбур? Нега Шаҳриёрга ўхшаган эркаклар алимент тўламаслик учун ўлдиришга тайёр бўладиган даражада масъулиятсиз ва жазосиз? Нега воқеа хронологияси ва аниқ сабабга қарамай, терговчилар уриб қочишни унинг хотинини ўлдиришга уриниш сифатида қарамай бахтсиз ҳодиса деб ҳисобламоқда? Нега аёл ва унинг яқинлари қўрқувда ва ёрдамсиз яшашлари керак?» — деб ёзмоқда Немолчи.