Қозоғистонда ноқонуний крипто-биржаларга ов бошланди

11:17 | 4 дақиқада ўқилади.

Қозоғистонда 130 та ноқонуний крипто-биржа ёпилиб, 16,7 миллион долларлик активлар мусодара қилинди. Бу ҳақда мамлакат Молия мониторинги агентлиги (ММA) раис ўринбосари Кайрат Бижанов ҳукумати йиғилишида очиқлади.

Kazak

Қозоғистон ҳукумати йиғилишида Молия мониторинги агентлиги (MMA) раис ўринбосари Кайрат Бижановнинг айтишича, мамлакатда 130 та ноқонуний криптовалюта биржаси фаолияти тўхтатилган ва 16,7 миллион долларлик виртуал активлар мусодара қилинган.

Расмий маълумотларга кўра, ёпилган платформалар жиноят йўли билан олинган маблағларни ювишда гумон қилинмоқда. Қозоғистон қонунчилигига биноан, фақат Astana Financial Services Authority (AFSA) томонидан лицензия олган ва маҳаллий банк тизимига интеграциялашган крипто-биржалар қонуний ҳисобланади. Қолганлари эса ноқонуний деб баҳоланилади.

Бижановнинг таъкидлашича, MMA ноқонуний криптон-операцияларга қарши чораларни кучайтирган. 2024 йилда 24 миллиард тенге (43 миллион доллардан ортиқ) айланмага эга 81 та ноқонуний гуруҳ фош этилган. У, шунингдек, банкоматлар ҳануз молиявий тизимдаги энг заиф нуқталардан бири эканини қайд этган.

«Чекловларга қарамай, нақд пул ечиб олиш ҳажми ортишда давом этмоқда — йил бошидан буён 13,2 триллион тенге (24,1 миллиард доллар) нақдлаштирилган, бу ўтган йилга нисбатан 1 триллион тенгега кўп», дейди агентлик мулозими.

Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, ноқонуний транзаксияларни камайтириш мақсадида MMA ва Қозоғистон Марказий банки янги қоидаларни жорий қилган эди. Жумладан, 500 минг тенге (913 доллар)дан ортиқ суммани карта орқали тўлдириш учун шахсий идентификация рақами ва мобил илова орқали тасдиқлаш талаб этилади, банклар банкомат ёзувларини камида 180 кун сақлаши шарт ҳамда барча нақд операциялар учун биометрик идентификация (юзни ёки бармоқ изини таниш) тизими кенгайтирилади.

Эслатиб ўтамиз, Қозоғистон ўз миллий стейблкоини — Evo (KZTE)ни синов тариқасида ишга туширган эди. У миллий валюта — тенгега боғланган бўлиб, рақамли тўловлар тизимини такомиллаштиришга хизмат қилади.