Инвестор крипто-тармоқда катта ҳажмда транзаксия қилди. Энди нималар ўзгаради?

11:45 | 2 дақиқада ўқилади.

10 миллиард доллардан ортиқ қийматдаги Bitcoin’га эга йирик инвестор (кит) 3000 BTC (тахминан 364 миллион доллар)ни Hyperunit платформасига ўтказди. Бу транзаксия крипто-тармоқда катта муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.

Kit

Аналитик компания Arkham Intelligence маълумотларига кўра, бу ҳаракатнинг қиймати 363,9 миллион долларни ташкил этади. Hyperunit-BTC-Whale деб номланган ҳамён пулларни йирик своп ва сақлов (кастодиал) операциялар платформасига йўналтирган.

Мутахассисларнинг эслатишича, икки ой аввал шу инвестор худди шунга ўхшаш ҳаракатни амалга оширган. У ўшанда ҳам катта ҳажмдаги Bitcoin’ларни Hyperunit орқали ўтказиб, кейинчалик 4 миллиард долларлик Ethereum сотиб олган эди.

Ўшанда бу операция натижасида ETH нархи икки кун ичида 8 фоизга ошган, кейин эса қисқа муддатли коррекция кузатилган. Шу сабабли, ҳозирги 3000 BTC’лик транзаксия ҳам ўша сценарийни такрорлаши мумкин, деган фикрлар пайдо бўлмоқда.

CryptoQuant маълумотларига қараганда, 2025 йилнинг III чорагида йирик инвесторларнинг ҳамёнларида Ethereum захиралари барқарор ўсиб бормоқда.

Таҳлилчиларнинг фикрича, агар бу ҳолат давом этса, бу капиталнинг Bitcoin ва Ethereum ўртасида алмашиш (ротация) тенденциясини кучайтиради. Уларнинг таъкидлашича, китлар ҳаракати кўпинча бозорнинг кейинги босқичдаги йўналишини олдиндан билдирувчи индикатор вазифасини бажаради.