Дубай компанияси Ўзбекистонда оқова сувлардан совун ишлаб чиқармоқчи

13:30 | 3 дақиқада ўқилади.

Envirol компанияси Ўзбекистонда 50 млн долларлик эколойиҳа амалга оширади. Лойиҳа доирасида ошхоналардан чиқадиган оқова сувлардаги ёғларни ушлаб қоладиган фильтрлар ўрнатилади.

Envirol

БААнинг Envirol компанияси Ўзбекистонда оқова сувларни тозалаш ва чиқинди ёғларни қайта ишлаш бўйича 50 миллион долларлик лойиҳага инвестиция киритади. Бу ҳақда Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири Шерзод Ҳидоятов маълум қилди.

Маълумотларга кўра, ҳозирги кунда ошхоналардан чиқаётган оқова сувларда ёғ миқдори меъёрдан юқори бўлиб, бу инфратузилма тармоқларига жиддий зарар етказмоқда. Янги тизим бу муаммони бартараф этишга хизмат қилади.

Вазирнинг айтишича, амалдаги қонунчилик бўйича ҳар бир литр оқова сувда фақат бир миллиграмм ёғ бўлишига рухсат этилган. Бироқ фильтр тизимлари йўқлиги сабабли, бу талаб бажарилмаётган эди. Envirol компанияси ўрнатадиган ускуналар ёрдамида ёғлар ажратиб олиниб, қайта ишлангандан кейин хўжалик совуни ва биоёқилғи маҳсулотларига айлантирилади.

2025 йил бошида «Ўзсувтаъминот» компанияси Envirol билан сувларни тозалаш ва биоёқилғи ишлаб чиқариш бўйича ҳамкорлик келишувини имзолаганди. Май ойида эса Инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов компания вакиллари билан Марказий Осиёдаги илк чиқиндидан биоёқилғи ишлаб чиқарувчи заводни Ўзбекистонда қуриш имкониятларини муҳокама қилган.

Маълумот учун, Envirol 2006 йилда Дубайда ташкил этилган бўлиб, Дубай ҳукумати билан ҳамкорликда кунига ярим миллион литрдан ортиқ чиқинди мойни қайта ишлайдиган қўшма корхона ҳисобланади. 2026 йил 1 июлдан бошлаб Ўзбекистонда фақат ёғ-мой фильтрлари ўрнатилган умумий овқатланиш муассасалари оқова сув тизимларига уланишига рухсат берилади.