Қишлоқ аҳолисининг 93,9 фоизи интернетдан фойдаланмоқда

14:30 | 3 дақиқада ўқилади.

Ўзбекистонда қишлоқ жойларда интернетдан фойдаланувчилар сони йил сайин ортмоқда. 2025 йилнинг январ–август ойларида бу кўрсаткич 93,9 фоизга етди.

Photo 2025 10 09 13 06 36

Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, интернетдан фойдаланиш даражаси шаҳар аҳолиси орасида ҳам юқори — 94,3 фоиз. Бу кўрсаткичлар мамлакатда рақамли технологиялардан фойдаланиш имкониятлари кенгайиб бораётганини кўрсатади.

Сўнгги беш йилда қишлоқларда интернет қамрови кескин ошган: агар 2021 йилда бу рақам 72,3 фоизни ташкил этган бўлса, 2025 йилга келиб 20 фоиздан зиёд ўсиш қайд этилди. Ҳудудлардаги инфратузилма яхшиланиши, янги базавий станциялар қурилиши ва смартфонлар нархининг пасайиши бу ўсишга таъсир кўрсатган омиллардан ҳисобланади.

Шаҳар жойларда ҳам фойдаланувчилар улуши барқарор ўсишда — 2021 йилда 79,4 фоиз бўлган кўрсаткич бу йил 94,3 фоизга етди. Бу рақамлар шаҳар ва қишлоқ ўртасидаги рақамли фарқ қисқараётганини англатади.

Мутасаддиларнинг таъкидлашича, интернет қамровини 100 фоизга етказиш учун ҳозирги кунда қатор дастурлар амалга оширилмоқда. Улар қаторида алоқа инфратузилмасини модернизация қилиш, оптик толали тармоқларни кенгайтириш ва арзон интернет хизматларини жорий этиш каби йўналишлар бор.

Маълумот учун, 2025 йилнинг январ–август ойларида Ўзбекистонда аёллар орасида интернетдан фойдаланувчилар улуши 93,1 фоизга етган. Эркаклар ўртасида эса бу кўрсаткич 95,3 фоизни ташкил этмоқда.