Ҳукуматнинг 2025 йил 8 октябрдаги 632-сон қарори билан «Ёшларнинг ўқув марказларида хорижий тилларни ўқиш харажатлари бир қисми учун субсидия ажратиш тартиби тўғрисида»ги низом тасдиқланди. Ушбу ҳужжат доирасида «2+6» дастури орқали ёшлар учун тил ўрганиш харажатларини қисман қоплаш тизими жорий этилади.
Низомга мувофиқ, хорижий тил бўйича белгиланган минимал даражадаги сертификатга эга ёшлар ўқув марказига дастлабки икки ойлик тўловни ўз маблағидан амалга оширгандан кейин, кейинги олти ой давомида тўловлар давлат томонидан қоплаб берилади. Бунинг учун маблағлар Ёшлар ишлари агентлиги ҳузуридаги Ёшларга оид давлат сиёсатини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобидан ажратилади.
Субсидия миқдори ҳудудлар бўйича фарқ қилади.
Тошкент шаҳрида – БҲМнинг 2 бараваригача;
Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар марказларида – БҲМнинг 1,5 бараваригача;
Туман (шаҳар)ларда – БҲМнинг 1 бараваригача.
Ёшлар ишлари агентлиги маълумотича, 2025–2026 йилларда хорижий тилларни ўқув марказларида ўрганаётган 20 минг нафар ёш субсидия билан қопланади. 2031 йилга қадар ҳар йили шунча ёш давлат ёрдамидан фойдаланиши режалаштирилган.
Шу билан бирга, йиллик лимит 20 минг нафардан ошган тақдирда, субсидия ажратиш жараёни кейинги йилгача тўхтатилади. Дастурда фақат электрон платформа орқали рўйхатдан ўтган ва ўқувчиларнинг давоматини кунлик электрон тарзда назорат қилиш имконини берувчи ўқув марказларгина иштирок эта олади.