Ижтимоий тармоқларда Миллий университет талабаларининг стипендияси берилмаётгани ёки кечиктираётгани ҳақида хабар тарқалди. Мурожаатда таъкидланишича, сўнгги пайтларда бу тизимда узилишлар кузатилаётгани айтилган.
«Биз раҳбариятдан ушбу масалага эътибор қаратишни, стипендияларни ўз вақтида тўлаш ёки кечикиш сабаблари ҳақида очиқ маълумот берилишини сўраймиз. Талабалар жим эмас — биз фақат адолатни ва ўз ҳақимизни талаб қиляпмиз. Биз ўқишдан чарчамаймиз, фақат эътиборсизликдан чарчаяпмиз», — дейилади мурожаатда.
Vaqt.uz вазиятни ойдинлаштириш мақсадида Миллий университет талабаларидан сўраганда, улар ҳақиқатдан ҳам стипендия олмаганини тасдиқлашди.
Бу ҳолат фақат Миллий университетдагина эмас, бошқа олийгоҳларда ҳам шундай вазият кузатилмоқда. Ўзбекистон давлат консерваторияси, Санъат ва маданият институти, Тошкент давлат аграр университети талабалари ҳам ҳануз стипендия олмаганини маълум қилишди. Самарқанд давлат тиббиёт университети талабасидан келган мурожаатда эса талабалар «отангга бор, онангга бор» қабилида сарсон бўлиб юрганини айтишган:
«Сўрасак, «бугун», «эртага» деб ҳафталаб алдаб юришяпти. Энди баҳона — «замдекан»га айтиб, тасдиқласин, дейди. Декан ёки унинг ўринбосарига айтсак, ҳисобчига бор, дейди. Иккаласи бир-бирига тўнкаб ётибди. Биз 5 курсмиз, стипендия олишимизга нима тўсиқ бўляпти?», — дейилади мурожаатда.
Бошқа университет талабалари ҳам ҳар ўқув йили бошида стипендиялар кечикиши анъанавий ҳолга айланганини таъкидлашмоқда.
Мурожаат бўйича Vaqt.uz журналисти Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги матбуот котиби Назокат Абдуқундузова билан боғланди. У тез орада вазирлик томонидан расмий муносабат билдирилишини маълум қилди.
Талабаларга стипендия қачонгача тўланиши керак?
Ўзбекистон Республикаси Президенти имзолаган қарорга мувофиқ, 2022 йил 1 майдан бошлаб стипендиялар ҳар ойнинг 5-санасига қадар молиялаштирилиши шарт.
Талабалар учун стипендиялар миқдори
№ | Стипендия номи ва қўшимча тўловлар | Стипендия миқдори
(бир ойда, сўм) |
1 | Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат стипендияси | 2 410 695 |
2 | Беруний, Ибн Сино, Навоий, Улуғбек, Имом ал-Бухорий, Бобур, Паҳлавон Маҳмуд, Тўлепберген Қаипбергенов, Иброҳим Юсупов, Ислом Каримов ва Камолиддин Беҳзод номли давлат стипендиялари | 1 607 130 |
3 | Давлат гранти асосида, шунингдек, бир йиллик ўқитиш қийматининг стипендияли тўлов-контракт асосида таълим олаётган, барча фанлар бўйича фақат “аъло” ўзлаштириш кўрсаткичи (рейтинги 86 балл ва ундан юқори) бўлган талабалар учун стипендия | 683 604 |
4 | Давлат гранти, шунингдек, стипендияли тўлов-контракт асосида таълим олаётган талабалар учун базавий стипендия ва қизлар учун махсус стипендия | 569 670 |
5 | 1 ва 2-гуруҳ ногиронлиги бўлган талабалар учун стипендия | белгиланган стипендияларга нисбатан 50 фоиз юқори миқдорда назарда тутилади |
6 | Алоҳида қобилият ва иқтидор эгаси бўлган, жамоат ишларида фаол, шунингдек, ижтимоий ҳимояга муҳтож талабалар учун қўшимча тўлов | белгиланган стипендияларга нисбатан 50 фоизгача юқори миқдорда назарда тутилади |
7 | Тўлиқ давлат таъминотида бўлган етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар сафига кирувчи талабалар учун стипендия | Талабаларни рағбатлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобига стипендиянинг базавий миқдорига нисбатан 50 фоиз юқори (оширилган) |