Россия Федерацияси президенти Владимир Путин 2024 йил декабр ойида ҳалокатга учраган Azerbaijan Airlines (АЗАЛ) авиарейсини Россиянинг ҳаво мудофаа кучлари ракета зарбаси орқали уриб туширганини тан олди. Бу ҳақда у Тожикистон пойтахти Душанбедаги «Кўҳи Сомон» қароргоҳида Озарбойжон раҳбари Илҳом Алиев билан бўлиб ўйган учрашувда сўз очди.
Россия раҳбари матбуот котибининг хабар беришича, томонлар икки томонлама муносабатлардаги «муаммоли соҳаларни» муҳокама қилган.
«Шубҳасиз, бундай ҳолатларда, айниқса бундай фожиали вазиятларда талаб қилинадиган барча чоралар Россия томонидан кўрилади. Компенсациялар масаласи ҳал этилади ва барча мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилади», — деган Путин.
Озарбайжон раҳбари И.Алиев бунга жавобан Путинга AZAL самолёти ҳақида батафсил маълумот бергани, шунингдек, Россия президенти ҳалокат сабабларини аниқлашни ўз назорати остида ушлаб тургани учун миннатдорчилик билдирган.
Боку ва Москва ўртасидаги муносабатлар ўтган йилнинг декабр ойида AZAL самолёти ҳалокатга учрагач, Екатеринбургда Озарбойжон фуқароларининг этник гуруҳ иши бўйича ҳибсга олиниши ва ҳалок бўлиши ортидан ёмонлашган.
Август ойида Илҳом Алиев Боку икки давлат ўртасидаги инқироз учун ҳеч қандай жавобгарликни ўз зиммасига олмайди ва тажовуз ёки ҳурматсизликнинг ҳеч қандай аломати ёки кўринишига тоқат қилмаслигини айтган. Владимир Путин эса «Россиянинг Озарбойжон билан муносабатларида муаммолар мавжуд бўлса-да, ҳаммаси жойига тушишини» таъкидлади.