Европа Иттифоқи Тожикистон ҳукуматига Владимир Путинни ҳибсга олмагани учун расман эътироз билдирди. Бу ҳақда ЕИнинг ташқи алоқалар хизмати баёнот берди. Тожикистон 2002 йилдан бери Халқаро жиноий суд (ХЖС)нинг аъзоси бўлиб ҳисобланади ва Рим статути талабларига кўра, ордер билан қидирилаётган шахсларни ҳибсга олиш мажбуриятини олган.
Баёнотда таъкидланишича, Россия президенти Владимир Путин айни дамда Тожикистонда бўлиб турибди, шу билан бирга, у ХЖС томонидан уруш жиноятлари учун чиқарилган ҳибс ордерига тушган шахс сифатида халқаро қидирувда.
«Тожикистон Рим статути иштирокчиси сифатида Халқаро жиноий суднинг ҳибс ордерини бажариш бўйича мажбуриятларини бажармади», — дейилган ЕИ баёнотида.
Евроиттифоқ халқаро ҳуқуқ бўйича барча жиноятлар учун жавобгарликни таъминлашга қаратилган саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлашини билдирди.
«Бу доирада ЕИ Украинадаги жиноятлар бўйича ХЖС прокурори олиб бораётган терговни қўллаб-қувватлайди ва барча давлатларни ҳамкорликка чақирмоқда. Европа Иттифоқи Украина суверенитети, мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлигини қатъий қўллаб-қувватлайди», — дейилади ҳужжатда.
Путин айни пайтда Душанбе шаҳрида Россия—Марказий Осиё саммити ҳамда МДҲ Давлат раҳбарлари кенгаши йиғилишида иштирок этмоқда. Тожикистон расман Халқаро жиноий судга аъзо бўлган биринчи Марказий Осиё мамлакати ҳисобланади.