Ўзбекистон инфляция босимини камайтириш учун пул-кредит сиёсатини қаттиқ сақлаб қолади. Бу ҳақда Bloomberg агентлиги Марказий банк вакилларига таяниб хабар берди. Иқтисодиёти сўнгги беш йилда икки баравар ўсган мамлакатда ҳукумат фаол либерал ислоҳотлар олиб бораётган бўлса-да, нархлар ўсиши ҳануз юқори даражада, деб ёзмоқда нашр.
Марказий банк март ойида асосий ставкани 0,5 фоизга ошириб, 14 фоизда белгилади — бу иқтисодий ўсиш фонида инфляцияни жиловлашга қаратилган чора. Ташкилот раиси ўринбосари Аброр Олимовнинг сўзларига кўра, 5 фоизлик инфляция мўлжали энди фақат 2027 йилга режалаштирилган. «Энергетикада тарифлар либераллашуви инфляцияга таъсир қилди, аммо биз бу жараённи олдиндан кўзлаб, ҳукумат билан биргаликда мос чоралар ишлаб чиқдик», — деди у.
Ўтган йилларда мамлакат ялпи ички маҳсулоти 100 млрд долларни ортда қолдирди, 2030 йилгача бу кўрсаткични икки баравар ошириш режалаштирилган. Жорий йилнинг биринчи ярмида иқтисод 7 фоиздан зиёдга ўсди, бу Ўзбекистонни минтақанинг энг тез ўсувчи бозорларидан бирига айлантирди. Шунга қарамай, Марказий банкнинг асосий устувор вазифаси — инфляцияни жиловлаш.
ING Bank таҳлилчилари фикрича, нархлар ўсиши секинлашиши билан сиёсатни юмшатиш учун «мўътадил имкониятлар» пайдо бўлиши мумкин. Аммо ҳозирча регулятор реал кредит ставкалари 20 фоиздан юқори экани сабабли ликвидликни бошқариш ва қарор қабул қилишда очиқликни ошириш устида ишламоқда.
Сўнгги йилларда МБ ликвидликни кунлик операциялар орқали таъминлаш, REPO операцияларини жорий этиш ва банклар учун маблағ бошқарувини енгиллаштириш каби ислоҳотларни амалга оширди. Шу билан бирга, жамоатчилик билан мулоқотни кучайтириш мақсадида журналист ва блогерлар билан мунтазам учрашувлар ўтказмоқда.
Ўзбекистон Марказий банки сентябр ҳолатига кўра халқаро захираларини 50 млрд долларга етказди. Захираларнинг 80 фоизи олтин ҳиссасига тўғри келади, бу металл нархларининг ўсиши орқали давлат бюджетига ҳам даромад қўшмоқда. Олимовнинг таъкидлашича, регулятор келгусида ликвид активлар улушини ошириш ҳамда халқаро молия институтлари облигацияларига инвестиция киритиш имкониятларини кенгайтириш устида ишламоқда.