Болалар омбудсмани Жиззахда заҳарланган болалар ҳолидан хабар олди

09:00 | 3 дақиқада ўқилади.

Фориш туманида болалар боғчаси тарбияланувчилари орасидаги овқатдан оммавий заҳарланиш ҳолати бўйича тергов давом этмоқда, тўрт нафар бола шифохонада қолмоқда.

Bolalar

Жиззах вилоятининг Фориш туманида болалар боғчаси тарбияланувчилари орасида содир бўлган оммавий заҳарланиш ҳолати бўйича тергов ҳаракатлари ҳали ҳам давом этмоқда. Бу ҳақда Болалар омбудсмани аппарати матбуот хизмати маълум қилди.

Омбудсман вакиллари Фориш тумани тиббиёт бирлашмасига бориб, заҳарланишдан жабрланган болалар билан суҳбатлашди ҳамда уларга кўрсатилаётган тиббий ёрдам ҳолатини ўрганди. 10 октябр куни кечга қадар шифохонада 4–6 ёш оралиғидаги тўрт нафар бола — икки ўғил ва икки қиз даволанишни давом эттираётгани маълум қилинди. Улар шифокорлар кузатувида бўлиб, аҳволи қониқарли деб баҳоланмоқда.

Омбудсман болаларнинг ота-оналари ва тиббий персонал билан ҳам учрашиб, даволаш жараёни ҳамда уларнинг руҳий ҳолати билан яқиндан танишди.

Эслатиб ўтамиз, 8 октябр куни тумандаги 1-, 3-, 5- ва 7-сонли давлат боғчаларида тарбияланаётган 37 нафар болада овқатдан заҳарланиш белгилари — иситма, қайт қилиш, қорин оғриғи ва ҳолсизлик кузатилган. Дастлабки маълумотларга кўра, улар ўша куни биокефир, пишлоқ ва сарёғ истеъмол қилганидан сўнг ўзини ёмон ҳис қилган.

Фориш тумани прокуратураси мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 205-моддаси («Ҳокимият ёки лавозим ваколатини суиистеъмол қилиш») бўйича жиноят иши қўзғатган. Ҳозирда суриштирув ишлари олиб борилмоқда, заҳарланиш сабаблари ва масъул шахслар аниқланмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотича, 10 октябр ҳолатига кўра икки нафар бола шифокорлар назоратида бўлган. Бироқ вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси аввалроқ олти нафар бемор стационарда даволанаётганини маълум қилган эди.