АҚШнинг Теннесси штатида жойлашган ҳарбий портловчи моддалар ишлаб чиқарувчи Accurate Energetic Systems заводида йирик портлаш содир бўлди. Ҳодиса Нэшвилл шаҳридан тахминан 80 километр ғарбда юз берган. Маҳаллий ҳокимият хабарига кўра, портлаш натижасида бир нечта инсон ҳалок бўлган, айрим ходимлар билан эса ҳануз боғланишнинг иложи бўлмаяпти.
Ҳамфрис округи шерифи Крис Дэвис журналистларга берган баёнотида «афсуски, ҳалок бўлганлар борлигини тасдиқлай оламиз», деган.
Қутқарувчилар ҳозирда бедарак йўқолганларни излаш ишларини олиб боришмоқда. Терговчилар ва махсус хизматлар ҳудуддаги хавфсизликни таъминлаб, портлаш сабабини аниқлаш учун текширувларни бошлаган.
Ҳозирча портлаш қандай содир бўлгани номаълум. Маҳаллий расмийлар маълум қилишича, ҳудуддаги ёнғин ва эҳтимолий иккинчи портлаш хавфи туфайли қутқарув ишлари вақтинчалик тўхтаб қолган ҳолатлар ҳам бўлган.
Accurate Energetic Systems компанияси мудофаа саноати, авиация ва қурилиш соҳалари учун турли хил портловчи маҳсулотлар ишлаб чиқаради. Завод юқори хавфли иш жараёнлари сабаб қатъий хавфсизлик қоидалари асосида фаолият юритгани маълум.