Яширин иқтисодиётни қисқартириш бўйича Комиссиянинг 6 октябрдаги йиғилишида берилган топшириқ асосида Солиқ қўмитаси ва Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг қўшма йиғилиши ўтказилди. Унда мутасадди идоралар ва вазирликлар вакиллари иштирок этиб, яширин иқтисодиётга қарши курашиш бўйича долзарб вазифалар муҳокама қилинди.
Йиғилишда таъкидланишича, рақамлаштириш жараёнлари — электрон ҳисоб-фактуралар (ЭҲФ), рақамли маркеровка, MXIK, электрон юк хатлари ва кешбек тизимларининг жорий этилиши туфайли яширин иқтисодиёт улуши айрим соҳаларда 10–20 фоизга камайган.
Бу ислоҳотлар натижасида корхоналарнинг умумий товар айланмаси 42 фоизга ўсиб, 737 трлн сўмга етди. Айланмаси бўлмаган 24,3 минг корхона бу йил 93,4 трлн сўмлик савдо амалга оширган. 26,8 минг корхона айланмаси эса икки баробарга ўсиб, 189 трлн сўмни ташкил этди.
Жорий йилнинг январ–сентябр ойларида давлат бюджетига 158,7 трлн сўмлик солиқ тушумлари тушган бўлиб, бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 23,8 трлн сўмга ёки 18 фоизга кўп. Ҳудудий солиқ тушумлари 27 фоизга, III чоракда эса 30 фоизга ошган. Энг юқори ўсиш Нavoий (86 фоиз), Фарғона (39 фоиз), Сирдарё (32 фоиз) вилоятлари ва Тошкент шаҳрида (33 фоиз) қайд этилган.
Фойда солиғи тушумлари 54 фоизга, қўшилган қиймат солиғи эса 28 фоизга кўтарилган. Айниқса, умумий овқатланиш соҳасида электрон ҳисоб тизимлари ва кешбек амалиётининг жорий этилиши ҚҚС тушумларини 44 фоизга оширишга хизмат қилган.
Шунингдек, 14,5 минг корхонада ишчилар сони икки баробарга кўпайиб, 255 минг кишини ташкил этган. 24,1 минг корхонада иш ҳақи фонди икки баробар ошиб, 8,6 трлн сўмга етган. Йиғилиш якунида назорат механизмларини такомиллаштириш, жамоатчилик иштирокини кенгайтириш ва халқаро тажрибаларни жорий этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқилди.