Саудия Арабистонига саёҳат қилаётган ўзбекистонликлар сони 50 фоизга кўпайди

20:39 | 2 дақиқада ўқилади.

2025 йилнинг январ–август ойларида Саудия Арабистонига борган ўзбекистонликлар сони 165,7 минг нафарга етди. Бу ўтган йилга нисбатан 48 фоизга кўпдир. Сафарларнинг асосий қисми саёҳат ва қариндошларни йўқлаш мақсадида амалга оширилган.

A19ed18eafbc906423269bd711098c1c

Ўзбекистон Республикаси Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, жорий йилнинг биринчи саккиз ойида 165,7 минг нафар Ўзбекистон фуқароси туризм мақсадида Саудия Арабистонига сафар қилган. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 53,8 минг кишига кўп бўлиб, 48,1 фоизлик ўсишни англатади.

Маълумотларга кўра, Саудияга борган фуқароларнинг 141,6 минг нафари сайёҳат, 23,5 минг нафари қариндошларни йўқлаш, 548 нафари даволаниш, 62 нафари хизмат сафари, 18 нафари эса таълим мақсадида борган.

Саудия Арабистонининг Ҳаж ва умра ишлари вазирлиги жорий йил бошида мамлакатнинг ҳар қандай турдаги визасига эга бўлган шахсларга умра зиёратини амалга ошириш имконияти яратилганини маълум қилган эди. Бу қарор Ўзбекистон ва бошқа мусулмон мамлакат фуқаролари учун сафарларни анча енгиллаштирди.