Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Европа Иттифоқи мамлакатларига сафар қилувчи фуқароларни 12 октябрдан бошлаб жорий этиладиган янги кириш-чиқиш тизими ҳақида огоҳлантирди. Янги тизим Европа Иттифоқининг ташқи чегараларида босқичма-босқич амалга оширилади.
Маълумотга кўра, «Ягона кириш-чиқиш тизими» (EES – Entry/Exit System) деб номланган рақамли механизм учинчи давлат фуқаролари, жумладан Ўзбекистон фуқароларининг ҳам барча кириш ва чиқиш ҳаракатларини автоматик равишда рўйхатга олади. Бу тизим орқали ҳар бир сафарчи маълумотлари махсус электрон базада сақланади.
Янги тизимнинг жорий этилиши орқали Европа Иттифоқи чегара назоратини рақамлаштириш, хавфсизликни кучайтириш ва саёҳатчи маълумотларини аниқ рўйхатга олишни мақсад қилган. Эндиликда фуқароларнинг паспортларига муҳр босиш амалиёти бекор қилинади, чегарадан ўтиш вақти электрон шаклда қайд этилади.
Ўзбекистон фуқароларидан Европа мамлакатларига сафарни режалаштираётганда янги талаб ва қоидалар билан танишиб чиқиш тавсия этилган. Батафсил маълумот Европа Иттифоқининг расмий сайти — travel-europe.europa.eu
орқали тақдим этилган.
Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистон фуқароларига сафар олдидан мазкур тизим ҳақидаги янгиликларни мамлакат элчихоналари ва консулликларининг расмий ижтимоий тармоқлари орқали кузатиб боришни ҳам тавсия этди.