Россия Федерацияси Бошқирдистон республикасидаги нефтни қайта ишлаш заводига дронлар ҳужум қилгани хабар қилинди. Бу ҳақда «РБК-Україна» ва «Суспільне» нашрлари махсус хизматлар манбаларига таяниб ёзди. Ҳужумга учраган завод Украина чегарасидан тахминан 1400 километр узоқликда жойлашган.
«СБУ Россия ҳудудидаги ҳар қандай ҳарбий ёки саноат объектига етиб бориш имкониятига эга. Бу урушни қўллаб-қувватлаётган заводларга жавобдир», — деган украин махсус хизматларидаги манба.
Украина ОАВнинг ёзишича, бу охирги бир ой ичида СБУ томонидан Бошқирдистонга қилинган учинчи узоқ масофали ҳужум ҳисобланади. Ҳужумдан кейин завод ҳудудида ёнғин бошлангани айтилмоқда.
Россия мудофаа вазирлиги маълумотига кўра, маҳаллий вақт билан соат 9:00 дан 12:00 гача ҳудудда бешта дрон йўқ қилинган. Шу билан бирга, тонгда Уфа халқаро аэропорти фаолияти вақтинча тўхтатилган.
Эслатиб ўтамиз, 13 сентябрда украин дрони Ново-Уфимск нефт заводига кириб борган, портлашдан кейин ҳудудда кучли ёнғин чиққан эди. Ўшанда республика раҳбари Радий Хабиров корхона қўриқчилари дронни йирик калибрли қурол билан уриб туширганини айтган.
17 сентябрдан бошлаб Башқирдистонда дрон ҳужумлари ҳақидаги маълумотларни эълон қилиш тақиқланган.