Покровск ва Константинивка — Россиянинг ёзги урушдаги асосий нишонлари

12:20 | 3 дақиқада ўқилади.

Россия армияси Донецк областидаги Покровск ва Константинивкани босиб олишга уринаётган бўлса-да, Путиннинг қўшиб олинган барча ҳудудларни 2025 йил охиригача эгаллаш режаси амалга ошиши эҳтимолдан йироқ. Жорий уруш ҳаракатлари секин ва маҳаллий масштабда давом этмоқда.

Urush

The Wall Street Journal маълумотларига кўра, Владимир Путин АҚШ президенти Доналд Трамп билан суҳбатда урушда ютқазмаётганини айтган. Бироқ Bloomberg таҳлилчиларига кўра, Россия армияси ушбу йил ичида Донецк, Луҳанск, Запорижжя ва Херсон областларининг тўлиқ назоратини қўлга киритиши эҳтимолдан йироқ.

Россия қўшинларининг асосий мақсади — Донецк областидаги Покровск шаҳри. Ҳарбийлар уни қанотлардан айланиб ўтиб, ярим ҳалқага олиш ва дронлар ёрдамида логистикани издан чиқариб, штурмни бошлашни режалаштирмоқда. Аммо ҳарбий таҳлилчи Ян Матвеевга кўра, Покровскни тўлиқ ўраб олиш учун камида кузгача вақт керак бўлади.

Навбатдаги йирик нишон — Константинивка. Лекин бу ердаги жойлашув Россия қўшинларини жангга мажбур этмоқда: улар ҳалигача шаҳарга 10–12 км яқинлаша олмаган. Бу ҳолатга асосий тўсиқ — Торецк атрофидаги позициялардир. У ерда қарийб бир йил давом этган жанглар натижасида шаҳар Россия томонидан эгалланган бўлса-да, Украина қўшинлари ҳали ҳам унинг шимоли ва ғарбидаги маҳаллаларда ҳимояни давом эттирмоқда.

Айни пайтда Россия армияси Суми областининг чегарасида кичик плацдармни кенгайтиришга уринмоқда. Украина армияси эса Курск областидаги Тёткино яқинида жавоб зарбалари бермоқда. Ушбу ҳудуддаги жанглар маҳаллий хусусиятга эга бўлиб, улкан стратегик ўзгаришларга олиб келиши мумкин эмас.

Россиялик ҳарбийлар томонидан Днипро области чегарасида байроқ кўтариб тушилган суратлар Z-ахборот майдонида шов-шувли реакцияга сабаб бўлди. Аммо тез орада маълум бўлишича, бу фақат пиар акция бўлган ва суратдан сўнг ушбу гуруҳ тўлиқ йўқ қилинган. Ушбу ҳаракатлар чегарани реал кесиб ўтишни англатмайди.

Херсон ва Запорижжя шаҳарлари эса ҳозирча Россия учун мутлақо етиб бўлмас нишонлар бўлиб қолмоқда. Ҳарбий эксперт Олег Ждановнинг таъкидлашича, агар ҳозирги суръатдаги ҳужумлар давом этса, Россия ўзи даъво қилаётган тўрт областни тўлиқ эгаллаши учун камида тўққиз йил вақт керак бўлади.