Хитойнинг BYD компанияси ўзининг янги гибрид седани — Seal 05 DM-i 2026 йилги моделини тақдим этди. Бу ҳақда CarNewsChina хабар берди. Янги модел аввалги вариантга ўхшаш кўринишда бўлса-да, салонда ва техник жиҳатда жиддий янгиланишларга эга бўлди.
Seal 05 DM-i’нинг асосий ўлчамлари қуйидагича:
- узунлиги — 4780 мм;
- эни — 1837 мм;
- баландлиги — 1515 мм,
- ғилдирак базаси — 2718 мм.
Салон қисмида уч айрили, паст қисми текис рул, 8,8 дюймли рақамли панел ва 10,1 дюймли марказий дисплей ўрнатилган. Асосий янгилик — узатмалар ричаги энди рул колонкасига кўчирилган, бу эса ички бўшлиқни кенгайтиришга имкон берган.
Автомобил олд ўриндилари қўл билан созланадиган қилиб янгиланди, аудиотизим олти динамик билан жиҳозланган. Машинани смартфон орқали масофадан бошқариш мумкин. Шунингдек, олти хавфсизлик ёстиқчаси ва круиз назорат тизими мавжуд. Багаж ҳажми — 508 литр.
Гибрид тизимида 1,5 литрли 99 от кучига эга бензин двигатели ва 161 от кучли электромотор ишлайди. У 0 дан 100 km/hʼ гача 7,9 сонияда тезлашади. Автомобил 15,87 kWh лик аккумулятор билан жиҳозланган бўлиб, фақат электрда 128 км масофа босиб ўта олади.
Бензин ва тўлиқ заряд билан Seal 05 DM-i бир йўлда 2000 км масофани босиб ўтади. Ўртача ёнилғи сарфи ҳар 100 kmʼга 3,08 литр.
Нархи ҳам арзонлиги билан ажралиб туради: янги BYD Seal 05 DM-i Хитой бозорида 11 минг доллар атрофида сотувга чиқади. Модел бюджетли гибридлар сегментида энг узоқ юриш масофасига эга автомобиллардан бири бўлди.