Мисрда Ғазо бўйича саммит олдидан Қатар делегацияси автоҳалокатга учради

10:57 | 3 дақиқада ўқилади.

Шарм-аш-Шайх шаҳрида Қатар делегацияси иштирокидаги автоҳалокатда уч киши ҳалок бўлди, яна икки киши жароҳат олган. Ҳодиса Ғазо бўйича тинчлик саммити арафасида содир бўлди.

Misr avariya

Мисрнинг Шарм-аш-Шайх шаҳрида, 13 октябр куни ўтказилиши режалаштирилган Ғазо бўйича халқаро тинчлик музокаралари арафасида фожиали йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди. Бу ҳақда Shafaq News хабар берди.

Маълумотларга кўра, автоҳалокатда Қатар делегациясининг уч аъзоси ҳалок бўлган, яна икки киши турли даражадаги жароҳатлар олган. Ҳодиса делегация аъзолари меҳмонхонадан музокаралар ўтадиган жойга йўл олган вақтда содир бўлган. Уларга тегишли автомобил шаҳар трассаларидан бирида бошқа транспорт воситаси билан тўқнашган.

Ҳозирда ҳодиса сабаблари ва шароитлари Миср ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари томонидан ўрганилмоқда. Ҳалок бўлганлар Қатарнинг асосий музокара гуруҳи таркибида бўлган-бўлмагани ҳали расман тасдиқланмаган.

13 октябрь куни Шарм-аш-Шайх шаҳрида ўтадиган «Тинчлик саммити» Ғазо урушини тугатиш бўйича келишувни мустаҳкамлаш ва минтақада барқарорликни таъминлашни мақсад қилган. Саммит доирасида халқаро етакчилар уришни тўхтатиш ва қайта тикланиш жараёнини бошлаш бўйича механизмни ишлаб чиқишни режалаштирмоқда.

АҚШ президенти Доналд Трампнинг маълум қилишича, Исроил ва ҲАМАС тинчлик режасининг биринчи босқичини имзолаган. Унинг сўзларига кўра, ҳужжат гаровдаги шахсларни озод қилиш ва Исроил қўшинларини белгиланган чизиққача олиб чиқишни назарда тутади. Трамп буни «Ғазодаги уруш тугади» деб баҳолаган.

Бироқ саммитда Исроил ва ҲАМАС вакиллари иштирок этмаслиги режалаштирилган, бу эса музокараларнинг амалий натижалари бўйича саволлар туғдирмоқда.