Сирдарёда 400 га яқин хусусий боғчада санитария қоидалари бузилгани аниқланди

13:45 | 3 дақиқада ўқилади.

Сирдарё вилоятида ўтказилган кенг қамровли санитария текширувлари давомида 398 та хусусий ва оилавий боғчада гигиена ва соғломлик талаблари бузилгани аниқланди.

Bogcha

Сирдарё вилоятида Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси, вилоят ҳокимлиги ҳамда тегишли идоралар ҳамкорлигида текширувлар амалга оширилди. Текширувлардан мақсад — болалар соғломлиги ва хавфсизлигига дахлдор санитария-гигиена қоидаларига қай даражада амал қилинаётганини ўрганиш бўлган. Натижаларга кўра, кўплаб боғчаларда талабларга риоя этилмаётгани маълум бўлди.

Жумладан:

60 та боғчанинг ошхонаси таъмирталаб ҳолда экани;
Сув таъминотида узилишлар мавжудлиги;
Қўл ювиш ускуналари етарли жиҳозланмагани;
Ходимлар ва болалар белгиланган муддатларда тиббий кўрикдан ўтмагани;
Ётоқ чойшаблари ва жиҳозлар эскиргани;
Айрим хоналар ва эшиклар таъмирталаблиги аниқланди.

Натижада бир қатор боғчаларнинг фаолияти вақтинча тўхтатилган. Бу чора масъулларни камчиликларни бартараф этишга мажбур қилиш ва болалар учун соғлом муҳит яратиш мақсадида кўрилган.

Санитария-эпидемиологик осойишталик қўмитаси вилоят бошқармаси раҳбари Жўрабек Ҳасанов маълум қилишича, қоидаларни бузган 329 нафар масъул шахсга жами 333 миллион 480 минг сўм миқдорида жарима қўлланилган.

Аввалроқ Тошкент вилоятида 1940 нафар боғча тарбияланувчилари, Жиззах вилоятида 37 нафар боғча тарбияланувчилари озиқ-овқатдан заҳарлангани ҳақида хабар берган эдик.