Трамп Мисрда Ғазо бўйича халқаро саммит ўтказишни режалаштирмоқда

14:31 | 3 дақиқада ўқилади.

АҚШ президенти Доналд Трамп Мисрга расмий ташрифи давомида Ғазо бўйича халқаро саммит ташкил этишни режалаштирмоқда. Учрашувда Европанинг ва араб дунёси етакчилари қатнашиши кутилмоқда.

Trump summit

Axios нашри маълумотларига кўра, АҚШ президенти Доналд Трамп Мисрга сафари чоғида Ғазо секторидаги тинчлик жараёнини муҳокама қилиш бўйича халқаро саммит ўтказишни режалаштирган.

Манбаларнинг айтишича, саммитни Миср президенти Абдулфаттоҳ ас-Сисий ташкил этмоқда. У бу борада Европа ва араб давлатлари етакчиларига таклифнома юборган. Учрашувда Германия, Франция, Британия, Италия, Қатар, БАА, Ўрдун, Туркия ва Саудия Арабистони раҳбарлари ёки ташқи ишлар вазирларининг иштирок этиши кутилмоқда. Саммит Шарм-аш-Шайх шаҳрида бўлиб ўтади.

Маълумотларга кўра, 13 октябр куни эрталаб Доналд Трамп Исроилга етиб боради, у ерда нутқ сўзлаб, гаровдаги шахслар оилалари билан учрашади. Трампни бу сафарда АҚШ давлат котиби Марко Рубио ва мудофаа вазири Пит Ҳэгсетт ҳамроҳлик қилади.
Сешанба куни Трамп Мисрга йўл олади, у ерда президент ас-Сисий билан музокаралар ўтказади ва Ғазо бўйича тинчлик келишувини имзолаш маросимида иштирок этади. Ушбу ҳужжатнинг кафиллари сифатида Миср, Қатар ва Туркия ҳам қатнашиши режалаштирилган.

Шарм-аш-Шайхдаги саммит Ғазо урушига нуқта қўйиш ва Яқин Шарқда барқарор тинчликка эришиш бўйича муҳим дипломатик қадам сифатида баҳоланмоқда.