Financial Times нашрининг ёзишича, АҚШ Украинага Россия энергетика инфратузилмасига ҳужумлар уюштиришда разведка маълумотлари орқали ёрдам бериб келмоқда. Нашр америкалик ва украиналик манбаларга таяниб, бу ҳамкорлик бир неча ойдан бери амалга оширилаётганини хабар қилди.
Манбаларнинг таъкидлашича, Вашингтон Киевга Россия ҳудудидаги айрим нефт қайта ишлаш заводлари ва бошқа стратегик объектлар ҳақидаги маълумотларни тақдим этган, бу эса Украинага фронт ортидаги ҳудудларда ҳужумлар уюштириш имконини берган.
FTʼнинг ёзишича, нишонларни Украина танлайди, АҚШ эса уларнинг заиф нуқталари, зарба вақти ва маршрутини режалаштиришда ёрдам беради. Бу орқали украин дронлари Россия ҳаво мудофааси тизимига чап бериш имконига эга бўлади.
Нашр қайд этганидек, разведка маълумотлари алмашинуви йўлга қўйилгани ёз ойларида, яъни АҚШ президенти Доналд Трамп ва Украина раҳбари Володимир Зеленский ўртасидаги телефон суҳбатидан кейин фаоллашган. Манбаларнинг фикрича, бу Россия иқтисодиётини заифлаштириш ва Москвага музокараларга мажбур этиш стратегиясининг бир қисми.
Вашингтон узоқ вақтдан бери Россия билан тўқнашув хавфини кучайтириши мумкин бўлган ҳаракатлардан тийилиб келаётган эди. Аммо Трампнинг Кремл раҳбари Владимир Путиндан сўнгги вақтларда умидсизлангани ҳамда Аляскадаги август ойидаги саммитдан кейинги муносабатлар ўзгариши оқибатида сиёсатда бурилиш юз бергани айтилмоқда.
Зеленский эса сўнгги брифингда АҚШ разведкаси билан ҳамкорлик асосан мамлакатни ҳимоя қилишга қаратилганини билдирди. Унинг сўзларига кўра, бу ҳамкорлик Patriot, NASAMS ва IRIS-T каби Ғарб ҳаво ҳужумидан ҳимоя тизимларини самарали қўллашни таъминлайди.
Кремл расмийлари эса буни янгилик сифатида баҳоламади. Москвага шундоқ ҳам НАТО ва АҚШ Украинага разведка маълумотлари етказиб бериш билан узоқ вақтдан буён шуғулланиб келаётганини такрорлаб келади.
Россия президенти Владимир Путин эса энергетика объектларига берилаётган зарбаларга «жиддий жавоблар» қайтарилишини таъкидламоқда. Унинг сўзларига кўра, Украина тинч объектларга ҳужум қилиб, Ғарб давлатларига сунъий «муваффақият» кўрсатишга уринаётган. Путиннинг огоҳлантиришича, Ғарб қуролларидан Россия ҳудудига зарба бериш — НАТО ва АҚШнинг урушдаги тўғридан тўғри иштироки дегани.