Толибон маъмурияти ўз гуруҳи қўшинлари Покистон билан чегарада жойлашган бир қатор постларни эгаллаганини маълум қилди. «Tolo News» телеканали хабарига кўра, ҳужум кеча Дюренд чизиғи бўйлаб олиб борилган ҳарбий операция вақтида амалга оширилган.
Толибонларнинг баёнотида айтилишича, натижада Покистоннинг 40 дан ортиқ чегара пости назоратга олинган, 58 нафар ҳарбий ҳалок бўлган. Ҳужум «якуний операция» сифатида амалга оширилгани таъкидланган.
Толибон маъмуриятининг сўзчиси Забиулло Муҷоҳид ушбу ҳаракатни «ҳимоявий ва жавоб чораси» деб атаган. Унга кўра, тўқнашувлар давомида Толибон сафидан 9 нафар жангчи ҳалок бўлган, яна бир неча киши яраланган.
Бу воқеа сўнгги ойларда Афғонистон ва Покистон ўртасида чегаравий кескинлик кучайган бир вақтга тўғри келмоқда. Дюренд чизиғи — икки давлат ўртасидаги расмий чегара сифатида эътироф этилса-да, йиллар давомида у низолар ва ўқ алмашувлар манбаи бўлиб келмоқда.
Шу билан бирга, Толибон маъмурияти ҳали халқаро даражада тан олинмагани сабабли, унинг бундай ҳарбий ҳаракатлари минтақавий барқарорлик учун жиддий хавф туғдириши мумкинлиги таъкидланмоқда. Покистон ҳукумати ҳозирча ушбу даъволарга расман муносабат билдирмаган.