Тошкентда янги автобус қатнови йўлга қўйилди

22:00 | 3 дақиқада ўқилади.

12 октябрдан бошлаб Тошкентда 197-сонли янги автобус йўналиши ишга туширилди. У пойтахт марказини «Янги Тошкент» ҳудуди билан боғлайди ва кун давомида йўловчиларга хизмат кўрсатади.

Avtobus

Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, транспорт инфратузилмасини яхшилаш ҳамда пойтахт атрофидаги ҳудудларда тирбандликларни камайтиришга қаратилган ишлар доирасида Тошкент вилояти ва шаҳарини боғлайдиган янги автобус йўналиши йўлга қўйилди.

Мазкур ташаббус Президент раҳбарлигида 2025 йил 9 июл куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида берилган топшириқларнинг амалий ижроси сифатида амалга оширилмоқда. Йиғилишда транспорт тизимини яхшилаш ва аҳолининг пойтахтга қулай қатновини таъминлаш муҳим вазифалардан бири сифатида белгиланган эди.

Янги 197-сонли автобус йўналиши 12 октябрдан иш бошлади. Йўналиш «Ўзбекистон меҳмонхонаси» бекатидан старт олиб, «Янги Тошкент» бекатигача ҳаракатланади.

Ушбу йўналишда 9,5 метрли, ўрта сиғимли замонавий оқ рангли Yutong автобуслари қатнайди. Улар соат 05:30 дан 22:50 гача йўловчиларга мунтазам хизмат кўрсатади.

Мутасаддиларнинг таъкидлашича, янги йўналиш нафақат йўловчиларга қулайлик яратади, балки пойтахт ва янги барпо этилаётган маъмурий марказ — «Янги Тошкент» ўртасидаги транспорт алоқаларини мустаҳкамлайди. Шу билан бирга, бу йўналишдаги қатновлар аҳоли учун кундалик иш, таълим ва хизмат соҳаларига тез етиш имконини ҳам оширади.