12 октябрдан Европанинг Шенген зонасида EES (Entry Exit System) номли янги электрон кириш-чиқиш тизими амалга кирди. Янги қоидаларга кўра, энди Шенген ҳудудига кирувчи барча учинчи давлат фуқаролари, жумладан Ўзбекистон фуқаролари ҳам, чегарада биометрик маълумотлар — юз сурати ва бармоқ изларини топшириши шарт бўлади.
EES тизими фуқаролар ҳақидаги маълумотларни рақамли базага ёзиб боради. Кейинги сафарда Шенген чегарасини кесиб ўтишда ушбу маълумотлар автоматик равишда текширилади. Бу орқали Европа Иттифоқи чегара хизмати турист ёки саёҳатчи қанча вақт қолганини аниқ кузатиб бориш имконига эга бўлади.
Тизим чегарадаги барча турдаги ўтиш нуқталарида — аэропортлар, портлар, темир йўл вокзаллари ва автомобил постларида ишлайди. Янги тартиб визасиз кириш ҳуқуқига эга давлатлар фуқароларига ҳам татбиқ этилади. Бироқ Шенген ҳудудида истиқомат рухсатномаси ёки узоқ муддатли визага эга шахслар учун алоҳида йўлаклар ташкил этилади.
EES тизими дастлаб Чехия, Эстония ва Люксембургда тўлиқ ишга тушди. Германия эса тизимни аввал Дюссельдорф аэропортида, кейинчалик Франкфурт ва Мюнхенда жорий этишни режалаштирган. Европа Комиссияси маълумотига кўра, тизим келгусида 29 давлатнинг ташқи чегараларида тўлиқ фаолият кўрсатади.
EES тизими фуқароларнинг исми, паспорт маълумотлари, биометрик маълумотлари, кириш вақти ва жойи ҳақидаги маълумотларни қайд этади. Бу ноқонуний миграция ва ҳужжат сохталаштириш ҳолатларининг олдини олишга, шунингдек Европа аҳолиси ва саёҳатчилар хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилади.
Европа Иттифоқи маълум қилишича, 2026 йил 10 апрелгача паспортларга муҳр босиш амалиёти бутунлай бекор қилиниб, чегара назорати тўлиқ автоматлаштирилади.