Ғазога инсонпарварлик ёрдами етказила бошланди

08:42 | 3 дақиқада ўқилади.

Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги оташкесим келишувидан кейин Ғазо секторига инсонпарварлик ёрдами билан юк машиналари киришни бошлади. Кунлик 600 та фура кириши кутилмоқда.

Gaza humanitarian aid

Исроил ва ҲАМАС ўртасида имзоланган оташкесим келишуви кучга киргач, Ғазо секторига инсонпарварлик ёрдами билан юк машиналари киришни бошлади. Бу ҳақда маҳаллий манбалар хабар берди.

Маълумотларга кўра, фуралар Исроил назоратидаги «Карим Абу Салим» чегара пункти орқали, Ғазо сектори жанубидан кириб келмоқда. Оташкесим режими 10 октябр куни маҳаллий вақт билан соат 12:00 дан амалга кирди. Келишув мисрлик воситачилар иштирокидаги музокаралар натижасида эришилган.

Исроил армияси ўз баёнотида қўшинларнинг бир қисми «сариқ чизиқ» деб аталадиган ҳудудгача ортга чекинганини маълум қилди. Бу ҳаракат отишмани тўхтатиш шартларидан бири сифатида баҳоланмоқда.

Ҳозирча келишув ижроси барқарор кечаётгани қайд этилмоқда. Ҳар куни тахминан 600 та юк машинаси инсонпарварлик ёрдами билан Ғазога кириши кутилмоқда. Улар орқали озиқ-овқат, дори-дармон, ёқилғи ва бошқа зарур маҳсулотлар етказилади.

Икки йил давом этган ҳарбий ҳаракатлар натижасида Ғазо секторидаги инсонпарварлик инқирози катта кўламдаги фалокат даражасига етган. Бир неча миллион аҳоли озиқ-овқат ва тиббий ёрдамга муҳтож бўлиб, инфратузилманинг катта қисми вайрон этилган.