Илон Маск дунёда 500 млрд долларлик бойликка эришган илк инсон бўлди

09:01 | 3 дақиқада ўқилади.

Tesla ва SpaceX асосчиси Илон Маскнинг бойлиги 500 млрд долларга етди. Ундан кейинги ўринларда Oracle муассиси Ларри Эллисон ва Meta раҳбари Марк Цукерберг қайд этилган.

Elon musk 500b

Tesla ва SpaceX компаниялари раҳбари Илон Маск дунёда биринчи бўлиб бойлиги 500 млрд долларга етган инсон бўлди. Бу ҳақда Forbes Real-Time Billionaires рейтинги маълум қилди.

Маскнинг мулки 500 млрд долларга етган, кун якунларига келиб эса унинг умумий бойлиги 499,1 млрд доллар сифатида қайд этилган.

Маскнинг бойлиги ўсишига Tesla акцияларининг тикланиши, шунингдек, сунъий интеллект соҳасидаги xAI стартапи ва SpaceX космик компанияси қиймати ошиши таъсир қилган. Йил бошидан бери Tesla акциялари тахминан 14 фоизга ўсган.

Forbes рўйхатида Маскдан кейинги ўринларда Oracle асосчиси Ларри Эллисон ва Meta раҳбари Марк Цукерберг жой олган. Ушбу учлик ҳозирда дунёдаги энг бой технология соҳаси тадбиркорлари ҳисобланади.

Эслатиб ўтамиз, Илон Маскнинг бойлиги илк бор 2020 йил август ойида 100 млрд доллардан ошган, 2021 йил январь ойида эса у 190 млрд доллар билан дунёдаги энг бой одам деган унвонни қўлга киритган эди.

Бугунги кунда Маскнинг активлари Tesla’нинг электромобил ишлаб чиқариши, SpaceX орқали космос соҳасидаги етакчилик ва xAI стартапи орқали сунъий интеллект соҳасидаги улушига таянади.