АҚШнинг Флорида штати қирғоғи яқинидаги Атлантика океани тубидан мингдан зиёд испан тангалари топилди, деб хабар берди 1715 Fleet — Queens Jewels LLC компанияси. Топилманинг умумий қиймати 1 миллион долларга баҳоланмоқда, деб ёзади Associated Press.
Компания маълумотларига кўра, кумуш ва олтин тангалар Боливия, Мексика ва Перудаги испан мустамлакаларида зарб этилган бўлиши мумкин. Улар «Хазиналар соҳили» деб аталувчи ҳудудда сув ости дайверлари томонидан ёз мавсумида топилган.
Тарихий маълумотларга кўра, 1715 йил 31 июлда Испанияга йўл олган 11 та хазина юкланган кемалар флоти тўфон оқибатида ҳалокатга учраган ва юк океанга ғарқ бўлган. Шундан бери ушбу соҳилда бир неча миллион долларлик тангалар ва заргарлик буюмлари топилган.
Компаниянинг операциялар директори Сал Гуттузо таъкидлашича, хазинанинг аҳамияти фақат унинг моддий қийматида эмас:
«Ҳар бир танга — Испания империясининг Олтин даврига оид тарихнинг бир бўлаги. Бир вақтнинг ўзида мингдан ортиқ тангани топиш — жуда ноёб ҳолат», дейди у.
Гуттузо жамоаси металл детекторлар, сув ости қум сўриш тизимлари ва махсус қидирув усуллари ёрдамида хазинани қидирган.
Флорида қонунларига кўра, давлат сувларида топилган тарихий ашёлар давлат мулки ҳисобланади. Шу билан бирга, хазина изловчиларга лицензия асосида қидириш ва олиб чиқиш рухсат этилади. Топилманинг 20 фоизи музейлар ёки илмий тадқиқотлар учун давлат ихтиёрида қолдирилади, қолган қисми эса компания ва унинг ҳамкорларига тенг тақсимланади.
Гуттузонинг таъкидлашича, барча осори атиқалари инвентаризация қилиниб, давлат идоралари томонидан тасдиқланади.
«Биз ишни қонунга мувофиқ олиб борамиз. Бу нафақат бизга, балки Флорида халқига ҳам фойда келтиради — хазиналар охирида музейларда намойиш этилади», — деди у.