Ўзбекистон бўйлаб 13–17 октябрь кунлари ёмғирсиз ва илиқ об-ҳаво ҳукм суради. Бу ҳақда Ўзгидромет маълум қилди.
Синоптикларнинг қайд этишича, фақат мамлакатнинг шимолий ҳудудларида 14 октябрь куни қисқа муддатли ёмғир ёғиши мумкин. Қолган ҳудудларда қуёшли ва хуш ҳаво сақланади.
Тунги ҳарорат асосан +10…+13 даража, айрим жойларда +15 даража атрофида бўлади. Кундузи ҳаво +25…+28 даражагача, мамлакатнинг жанубий вилоятларида эса +30…+33 даражагача исийди. Бу кўрсаткичлар ўртача кўп йиллик меъёрдан юқори ҳисобланади.
Шимолий ҳудудлар ва чўл зоналарида 13–14 октябрь кунлари шамол секундига 13–18 метргача кучайиши мумкин. Айрим ҳудудларда чанг-тўзон билан кузатилиши эҳтимолдан холи эмас.
Пойтахт Тошкентда об-ҳаво асосан қуёшли бўлиб, баъзи вақтларда озгина булутланиш кутилмоқда. Ёмғир ёғмайди, шарқдан секундига 3–8 метр тезликдаги енгил шамол эсади. Тунги ҳарорат +10…+13 даража, кундузи эса +25…+28 даража атрофида бўлади.
Метеорологлар фикрича, ҳафта давомида кузнинг илиқ ва хуш ҳавоси мамлакат бўйлаб дам олиш ва қиш мавсумига тайёргарлик ишлари учун қулай шароит яратади.