Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2025 йилнинг саккиз ойида 5,2 млн нафар Ўзбекистон фуқароси туристик мақсадларда чет элга сафар қилган. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1,1 миллион нафарга ёки 26,8 фоизга кўп.
Жорий йилда ўзбекистонликлар энг кўп борган давлатлар рўйхатида Қирғизистон ва Қозоғистон етакчилик қилмоқда. Хусусан, Қирғизистонга 2,3 млн, Қозоғистонга 956 минг нафар ватандошимиз борган. Бу икки мамлакатга сафар қилганлар улуши жами туристик чиқишларнинг 63,5 фоизини ташкил этади.
ТОП-10 давлатлар қаторида, шунингдек, Тожикистон (887,9 минг нафар), Россия (312,7 минг нафар), Туркия (181,7 минг нафар), Саудия Арабистони (165,7 минг нафар), БАА (94,2 минг нафар), Миср (45,4 минг нафар), Виетнам (28,5 минг нафар) ва Хитой (27,6 минг нафар) ҳам бор.
Иқтисодчи Отабек Бакировнинг таъкидлашича, ўзбекистонликларнинг қўшни давлатларга сафар қилиш сабабларидан бири — шоппинг туризми. Унинг сўзларига кўра, ватандошлар кўп ҳолларда кийим-кечак, маиший техника ва озиқ-овқат маҳсулотларини сотиб олиш учун Қирғизистон ва Қозоғистонга йўл олади.
Бакировнинг фикрича, бундай тенденциянинг асосий сабаби — Ўзбекистондаги божлар ва нотариф чекловларнинг кучайиб бориши. Унинг таъкидлашича, маҳаллий бозорда импорт товарларига нисбатан чекловлар сақланиб қолар экан, қўшни давлатларга қисқа муддатли сафарлар сони яна ортиши эҳтимолдан холи эмас.
Маълумот учун, дастлабки 9 ойда Ўзбекистон фуқароларининг Европа саёҳатларига бўлган талаби 38 фоизга ошган. Ўртача саёҳат давомийлиги 19 кунни ташкил этган, болалар билан сафар қилувчи оилалар улуши эса 7 фоизга кўпайган. Шу билан бирга, чипталарнинг ўртача нархи 6,6 фоизга пасайгани қайд этилган.
Эслатиб ўтамиз, Vaqt.uz Ўзбекистон туризмида 7 йил давомида қандай ўзгаришлар бўлганини таҳлил қилган эди.