Қозоғистон Молия вазирлиги ишлаб чиққан янги қонун лойиҳасига кўра, 50 минг доллардан ортиқ валютa операциялари солиқ назоратига олинади. Лойиҳа «Очиқ НҚА» (норматив ҳуқуқий актлар) порталида жойлаштирилган ва муҳокама 2025 йил 28 октябргача давом этади.
Ҳужжат Миллий банкни давлат даромадлари органлари билан валютa операциялари бўйича маълумот алмашишга мажбур этади.
Қонун лойиҳасига кўра, назорат нафақат товар айланмасига боғлиқ операцияларга, балки бестовар битимлар, норезидентлар даромадлари ва «Астана» халқаро молия маркази иштирокчилари фаолиятига ҳам татбиқ этилади.
Бироқ ҳужжатда қайси маълумотлар солиқ органларига тақдим этилиши ёки операция тарафлари ҳақидаги маълумотлар киритилаши аниқ кўрсатилмаган. Ҳозирча фақат лойиҳа қисқартирилган жадвал шаклида эълон қилинган.
Таъкидланишича, ушбу ташаббус орқали давлат органлари валютa операцияларини назорат қилишда тезкор маълумотга эга бўлади, капитал чиқариш ҳолатларини аниқлаш самарадорлиги ошади ва сохта битимлар хавфи камаяди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилда Қозоғистон Миллий банки 7 ойлик танаффусдан сўнг асосий ставкани 1,5 фоизга ошириб, 18 фоиз даражасига етказган эди. Бу қарор инфляция босими ортиши билан изоҳланган.