Тошкентдаги пулли парковкалар нархи Марказий Осиёда энг баландлиги маълум бўлди

16:30 | 3 дақиқада ўқилади.

Vaqt.uz таҳлилига кўра, Марказий Осиё пойтахтлари ичида энг қиммат автотураргоҳ Тошкентда — бир соатлик «парковка» учун 12 минг сўм тўланади. Қўшни шаҳарларда бу нарх 2–4 минг сўм атрофида.

Parkovka

Vaqt.uz Марказий Осиёнинг йирик шаҳарларидаги пуллик автотураргоҳлар нархларини солиштирди. Таҳлил натижаларига кўра, Тошкентда бир соатлик «парковка» учун тўланадиган тўлов қўшни давлатлар пойтахтларига нисбатан бир неча баробар юқори.

Қозоғистон пойтахти Остона шаҳрида бир соатлик автотураргоҳ хизмати учун 100 тенге (тахминан 2200 сўм) тўланади. Ҳукумат қарорларига кўра, дам олиш ва байрам кунларида тўловсиз тўхтаб туриш мумкин. 

Олмаотада ҳам соатлик парковка учун 100 тенге (2200 сўм) тўланади. Бу Остона билан деярли бир хил тариф бўлиб, шаҳарда тўловлар фақат электрон тизим орқали амалга оширилади

Бишкек шаҳрида тўлов миқдори 30–60 сом (4150 сўмдан 11000 сўмгача) бўлиб, бу нарх тўхташ ҳудудига боғлиқ равишда фарқ қилади. Шунингдек, электромобиллар эгалари учун 50 фоизли чегирма амал қилади. Якшанба ва байрам кунлари эса автотураргоҳлардан фойдаланиш мутлақо бепул.

Тожикистон пойтахти Душанбе шаҳрида эса автотураргоҳлар учун дастлабки 10 дақиқа бепул, ундан кейин ҳар бир соат учун 3 сомоний (тахминан 3930 сўм) тўланади. Тунги соат 22:00 дан 07:00 гача парковка текин ҳисобланади. Тўлов фақат электрон усулларда — QR-код, мобил банк иловаси ёки СМС орқали амалга оширилади.

Тошкент эса 12 минг сўмлик тариф билан мазкур рўйхатда энг юқори ўринни эгаллайди. Бу нарх қўшни мамлакат пойтахтларидаги автотураргоҳлар тўловидан бир неча баробар қиммат бўлиб, ҳозирча минтақадаги энг юқори кўрсаткич ҳисобланади.