Ҳукуматнинг 2025 йил 10 октябрдаги 637-сонли қарорига мувофиқ, «Имтиёзли шартларда пенсияга чиқиш ҳуқуқини берувчи ишлаб чиқаришлар, муассасалар, ишлар, касблар, лавозимлар ва кўрсаткичларнинг рўйхатига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тартиби тўғрисида»ги низом тасдиқланди.
Янги низом имтиёзли пенсия рўйхатига ўзгартириш ёки қўшимча киритиш бўйича ҳужжатларни тақдим этишда ягона талабларни белгилайди. Бу орқали зарарли ва хавфли ишлаб чиқаришларда меҳнат қилаётган фуқароларнинг пенсия таъминотида аниқ ва шаффоф механизм жорий этилади.
Ҳужжатга кўра, ходимлардан келиб тушган таклифлар икки нусхада тайёрланади ва иш берувчи ҳамда корхона касаба уюшмаси ёки бошқа вакиллик органига юборилади. Бу таклифлар асосида махсус комиссия ишчи жойлардаги реал меҳнат шароитларини текшириб чиқади.
Комиссия ишлаб чиқаришнинг режаси, ускуналарнинг техник ҳолати, хавфсизлик қоидаларига риоя этилиши, жамоа ва шахсий ҳимоя воситалари билан таъминланганлик даражасини баҳолайди. Шунингдек, ҳимоя кийимлари ва жиҳозларнинг яроқлилиги ҳам текширилади.
Текширув натижасида аниқланган қонунбузарликлар ва камчиликлар аттестация ўтказилишидан олдин бартараф этилиши шарт. Шундан кейингина корхона ёки иш жойи имтиёзли рўйхатга киритиш масаласи кўриб чиқилади.
Мазкур қарор меҳнат шароити оғир бўлган соҳаларда ишловчи ходимларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳамда пенсия таъминоти тизимини такомиллаштиришга қаратилган.